Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда муҳим қадам
2052
Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона органларида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва ҳал этиш чораларини такомиллаштиришга қаратилган ички идоравий ҳужжат қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат билан “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва ҳал этиш тўғрисида”ги Йўриқнома тасдиқланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларида манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган соҳалари рўйхати ишлаб чиқилди. Мазкур рўйхат ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими Бош саҳифасига жойлаштириб борилади.

Йўриқномага кўра, давлат божхона хизмати органларида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва ҳал этишнинг асосий мақсади божхона ходимлари томонидан мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган вазиятларни бартараф этиш ва улар томонидан шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслик ҳисобланади.

Шунингдек, ҳужжатда божхона органларида манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ва уни олдини олишнинг асосий тамойиллари, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва ҳал этишда божхона органларининг асосий вазифалари ёритиб берилган.

Йўриқномада божхона ходимининг манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар қилиш ва уни ҳал қилишга оид асосий мажбуриятлари ҳам ўз ифодасини топган.

Таъкидлаш жоизки, мазкур йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тизимида яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ижросини таъминлашга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланган эди.

Божхона органларида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва ҳал этиш чораларини такомиллаштиришга қаратилган идоравий ҳужжат мазкур ҳамкорликнинг дастлабки натижаларидан бири ҳисобланади.

23.12.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг