Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
5 миллиард сўмдан ортиқ товарлар “қизил йўлак”да қизариб қолди
1217
Турли найрангларни қўллаган ҳолда божхона тўловларини четлаб ўтишга бўлган уринишларга қарши божхона органлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
5 миллиард сўмдан ортиқ товарлар “қизил йўлак”да  қизариб қолди

Жумладан, Жиззах вилояти божхона бошқармаси “Жиззах” ТИФ божхона пости ва Божхона назоратини ташкил этиш бўлими ходимлари ўзаро ҳамкорликда катта миқдордаги товар-моддий бойликларнинг божхона тўловларисиз, ноқонуний олиб кирилишига бўлган ҳаракатни фош этишди.

Аниқроғи, “Жиззах” ТИФ божхона постига “Божхона омбори” божхона режимига расмийлаштириш учун хориждан Самарқанд шаҳрида жойлашган хусусий корхона номига олиб келинган товарлар  ва унинг божхона юк декларациясида қайд этилган маълумотлар божхона ходимлари эътиборини тортди. Шундан сўнг, мазкур товарлар “сариқ йўлак”дан “қизил йўлак”ка йўналтирилган ҳолда божхона кўригидан ўтказилди.

Буни қарангки, амалга оширилган назорат кўриги бесамар кетмади. Яъни, кўрик давомида божхона юк декларацияси ҳамда юк-кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, умумий қиймати 5 миллиард 54 миллион сўмдан зиёд, 25 номдаги автомобиль эҳтиёт қисмлари борлиги аниқланди.

Ваҳоланки, “уддабурон” тадбиркор томонидан тақдим этилган юк кузатув ҳужжатларида корхона номига умумий қиймати 7870 АҚШ долларига тенг бўлган “Автотранспорт воситаси эҳтиёт қисмлари” олиб келиниши кўрсатилганди холос. Бироқ божхоначилар бу найрангни ўз вақтида фош этишди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

21.12.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг