Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ҳуқуқий тарғибот — демократик давлат тимсоли
4362
Халқ манфаатларини ҳар нарсадан устун қўйиш, халқ давлат идораларига эмас, давлат идораларининг халқимизга беминнат хизматини таъминлаш устувор вазифалардандир.

Аҳолининг, шу жумладан, тадбиркорларнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданиятини ошириш, давлатимиз томонидан яратилаётган шароит, тақдим этилаётган имкониятлардан тўлақонли фойдаланиб, уларнинг қонуний фаолиятларини тўсқинликларсиз амалга оширишлари учун божхона ходимлари томонидан ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг катта ёрдамчиси, Адлия маслаҳатчиси М.Нуратдинов билан биргаликда Беруний туманида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларнинг қонун билан белгилаб қўйилган ҳақ-ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишлари, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси доирасида ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этмаслик юзасидан бир қатор тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли билан учрашув ўтказилди.   

Учрашув давомида божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан божхона расмийлаштируви бўйича тадбиркорлик субъектларига яратилган шароитлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.

Хусусан, мамлакатимиз Президентининг “Ички истеъмол бозорининг тўла-тўкислигини ҳамда нархлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2021 йилнинг 30 июнь санасигача чет давлатлардан импорт қилинганда божхона божидан озод этилган товарлар рўйхати билан яқиндан таништириб ўтилди.

Шунингдек, Адлия маслаҳатчиси М.Нуратдинов ҳуқуқбузарликлар профилактикаси доирасида йиғилганларга янги йил байрами арафасида айниқса авж оладиган пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳолатлар бўйича алоҳида тўхталиб, фарзандларимиз соғлиғига жиддий зиён етказиб, аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ушбу воситаларни сотиб олиш, олди-сотдиси билан шуғулланиш устидан, шу билан биргаликда, ушбу воситаларнинг ноқонуний савдосига кўп ҳолларда ёш ўсмирлар ва вояга етмаган шахслар томонидан  қўл урилаётганлигини ҳисобга олиб, ота-оналарни ўз фарзандларининг ҳар бир хатти-ҳаракатларига эътибор қаратишга чақирди.

– Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан жорий йил бошидан жами 21та ҳолатда қиймати 82 миллион 393минг сўм бўлган 211 743 дона пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмаси фош этилди, – деди Адлия маслаҳатчиси йиғилиш иштирокчиларига ўз мурожаатида, – Бу эса содир бўлиши мумкин бўлган 211 743та бахтсиз ҳодисанинг олди олинди деган гап. Лекин шунга қарамасдан осон йўл билан мўмайгина даромад топиш илинжида пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмаси билан шуғулланишга уриниш ҳолатлари ҳали ҳануз кўп учрамоқда. Аниқланган ҳар бир ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар тегишли моддалар билан маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши муқаррар. Шундай экан, хавфли саналган пиротехника воситаларисиз Янги йилни яхши кутиб олишга барчамиз масъулмиз.       

Ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим восита саналувчи ҳуқуқий тарғибот ишлари масъул ходим ва идоралар томонидан изчиллик билан давом эттирилмоқда.   

                                                                              

21.12.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг