Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначи – тадбиркорга мададкор
3163
Бугун мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмасида экспорт товарлар улушини ошириш ҳар қачонгиданда долзарб аҳамиятга эга. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш натижасида “Made in Uzbekistan” шиори остидаги товарлар экспортини орттириш - давлат бюджетига валюта тушумини таъминлаш баробарида қўшимча иш ўринларининг шаклланишига замин яратади.
Божхоначи – тадбиркорга мададкор

Давлатимиз томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган имкониятлар мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектларига етказиш, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларида тадбиркорларни қийнаб келаётган мавжуд муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва ҳал қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан сайёр қабул ва тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказилмоқда.

Хусусан, бошқарма бошлиғи Олимжон Хожиматов Нукус шаҳрида 7,96 гектар майдонда жойлашган замонавий илғор Италия технологиялари асосида йирик ва майда шоҳли моллар терисини қайта ишлаб, сифатли чарм ва чарм маҳсулотларини  ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “ORIENT TECHNOLOGY” қўшма корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди.

Мазкур корхона томонидан 2020 йилда Италия давлатига 702 тонна, қиймати  1 миллион 220 минг АҚШ долларига тенг бўлган “чарм ва чарм маҳсулотларидан яримфабрикат товарлари” экспорт божхона режимига расмийлаштирилди. Шунингдек, корхона томонидан жорий йил давомида Италия, Эрон, Қозоғистон давлатларидан 178 тонна, қиймати  211,9 минг АҚШ долларига тенг бўлган  чарм маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўлланиладиган кимёвий моддалар, асбоб-ускуналарнинг импорти амалга оширилган бўлиб, мазкур товарларга божхона тўловларидан 397 млн. сўм имтиёз қўлланилган ҳолда расмийлаштирилди.

Учрашув давомида божхона расмийлаштируви ва назорати бўйича корхонада мавжуд муаммо ва камчиликлар ўрганилди, қизиқтирган саволларга жавоб берилди ва маҳсулотларнинг экспорт географиясини янада кенгайтириш, тери маҳсулотларини бўялган ҳолатда сотишга тайёрлаш, кейинчалик эса  яримтайёр эмас балки бутун бир тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, бошқарма бошлиғи масъул бўлим бошлиқлари билан Нукус шаҳридаги "BIO ECO AGRO IMPEKS"  масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлиб, тадбиркорлик субъектининг фаолияти, экспорт кўрсаткичлари ва божхона расмийлаштирувида юзага келаётган саволлари билан яқиндан танишди.

Мазкур корхона томонидан жорий йил бошидан Россия Федерациясига қиймати  19 886  АҚШ долларига тенг  бўлган 20 тонна помидор экспорт божхона режимига расмийлаштирилган. Шунингдек, корхона томонидан 2020 йил давомида Корея ва Туркия давлатларидан импорт тартибида олиб келинган қиймати  170 минг АҚШ долларига тенг бўлган  “Иссиқхона учун бутловчи қисмлар” товарларига божхона тўловларидан 428 млн. сўм миқдорида имтиёз тақдим этилган.

5 гектар майдонда гидропоника усулида помидор маҳсулотини етиштираётган тадбиркорлик субъекти яқин келажакда ўз фаолиятини кенгайтириб, хориждан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлайдиган катта ҳажмли музлаткич олиб келиш ниятида экан. Ушбу товарнинг импортида божхона расмийлаштируви ва божхона тўловларидан тақдим этиладиган имтиёзлар бўйича батафсил тушунтирилиб, керакли тавсиялар берилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, бугун мамлакатимизда ҳалол тадбиркорлик субъектлари учун дунё бозорларига эшиклар кенг очилган. Берилган имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланиб, ўз фаолиятларини қонуний амалга ошираётган ҳар қандай тадбиркорлик субъекти қонун ҳимоясидадир. Божхона органлари ходимлари тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ва ҳамкорликда мавжуд муаммоларни бартараф қилишга доимо тайёр эканликларини маълум қилишди.

19.12.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг