Хусусан, “Baxt - Textile” МЧЖ, “Navoiy Ishonch - Gilamlari” МЧЖ, “Thermo Install” МЧЖ корхоналарига борилиб, у ердаги ишлаб чиқариш жараёни, чет элдан импорт қилинаётган хомашёлар, хорижга чиқарилаётган тайёр экспорт маҳсулотлари кўздан кечирилди.
Маълумот учун, мазкур корхоналар томонидан 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида 7 млн АҚШ долларидан зиёд қийматдаги хомашё ва эҳтиёт қисмлар импорти амалга оширилган бўлса, қарийб 20 млн. АҚШ долларига тайёр маҳсулотлар хорижий давлатларга экспорт қилинган.
Учрашув жараёнида мазкур корхона вакиллари томонидан кўплаб мурожаатлар келиб тушди.
Жумладан, “Baxt - Textile” МЧЖ мутасаддилари томонидан олиб келинадиган хомашё ва товарларга қўшилган қиймат солиғидан бериладиган имтиёзлар тўғрисидаги мурожаатга атрофлича тушунтириш ва маълумотлар берилди.
Шунингдек, сайёр учрашув давомида божхона фаолиятига бевосита тааллуқли бўлган айрим муаммолар жойида ҳал этилди.
Масалан, “Navoiy Ishonch - Gilamlari” МЧЖ вакили томонидан импортга олиб келинаётган юкларини жойлаштириш ҳамда фойдаланиш масалаларида қулайлик яратиш мақсадида ташкилот худудида жойлашган омборлардан бирига “божхона омбори” мақомини олишда амалий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги мурожаатга ходимлар томонидан маслаҳатлар берилиб, вилоят божхона бошқармасининг Божхона назоратини ташкил этиш бўлими томонидан кўмак берилиши белгиланди.
Бундан ташқари, учрашув давомида тадбиркорларга божхона соҳасига оид бир қатор норматив ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти бўйича ҳам тушунчалар бериб ўтилди.
Хусусан, қатор фармон ва қарорларига мувофиқ маълум турдаги божхона имтиёзлари бекор қилинганлиги, шунингдек, янги қулайлик ва имкониятлар яратилаётганлиги тадбиркорларга етказилди. Масалан, “Thermo Install” МЧЖ раҳбарига “Эркин иқтисодий зона иштирокчиси” мақомини олиш борасида маслаҳатлар берилди. Бу орқали ташкилотга яратиладиган имтиёз ва қулайликлар ҳамда ушбу мақомни олиш учун амалга оширилиши керак бўлган зарур чора-тадбирлар хусусида алоҳида сўз юритилди.
Шу билан бирга, ишчи гуруҳнинг жойларда ўтказилган учрашувлари давомида тадбиркорлик субъектлари ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олишди.
Мазкур учрашувлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом эттирилмоқда.
19.12.2020