Бу борада божхона органларида ҳам бошқа давлат идоралари билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш мақсадида, давра суҳбатлари, семинарлар ва ходимларнинг оила аъзолари иштирокида учрашувлар ташкил қилиб келинаяпти.
Хусусан, Наманган вилояти божхона бошқармасида коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш юзасидан шахсий таркиб иштирокида ўқув-семинари ташкил этилди.
Семинарда бошқарманинг Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими ходимлари томонидан коррупцияга қарши курашиш йўналишида бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар юзасидан маъруза қилинди.
Маърузада барча соҳалар каби божхона органларида ҳам бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш чораларини кўриш, божхона органини “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, маъруза давомида Давлат божхона қўмитасининг 2020 йил 28 октябрь кунги “Коррупцияга қарши курашиш сиёсати”ни тасдиқлаш тўғрисидаги 189-сонли буйруғи мазмун-моҳияти ҳамда хизмат даврида ва хизматдан ташқари вақтда ходимларнинг хизмат интизомига шунингдек Ўзбекистон Республикаси божхона органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига қатъий риоя қилишлари лозимлиги таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими ходимлари томонидан батафсил жавоблар берилди.
19.12.2020