Инсофли тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали яширин иқтисодиётни қисқартириш ва олдини олишга қаратилган ислоҳотлар ўтказилаётган бир вақтда, айрим “уддабурон тадбиркорлар" давлат бюджетига божхона тўловларини белгиланган тартибда тўлаш ўрнига, турли қинғир йўллар билан бойлик орттиришни ўзига мақсад қилиб, божхона ходимларини чалғитиб, ташқи иктисодий фаолият товар номенклатурасида тавсифланган товар кодларини алмаштиришга уринишади.
Аммо уларнинг қинғир режалари ўз вақтида фош этилмоқда.
Хусусан, Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан навбатдаги йирик миқдордаги қонунбузилиш ҳолатлари фош этилди.
Андижон шаҳрида фаолият юритаётган хусусий корхона номига умумий қиймати 2590 АҚШ доллари бўлган, оғирлиги 25900 килограммни ташкил этувчи текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун хомашё товарлари олиб келинади. Бироқ, тақдим этилган ҳужжатлардан шубҳаланган божхона ходимлари мазкур товарларни белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказади.
Шубҳалар ўзини оқлади ва ҳужжатларда қайд этилмаган қиймати 1 млрд. 616 млн. сўмдан зиёд миқдордаги тўқимачилик матолари бўйича давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган 500 млн. сўмдан зиёд божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлашга бўлган уриниш фош этилди.
Агарда, мазкур қонунбузарнинг божхона ходимларига тақдим қилган дастлабки ҳужжатларида акс этган маълумотлари, яъни товар миқдори ҳамда ТИФ ТН коди асосида божхона тўловлари ҳисобланганда эди 50 млн. сўмдан зиёд божхона тўловлари ундирилар эди, холос.
Ҳолат бўйича ашёвий далил сифатида олинган 1 млрд. 616 млн. сўмлик товарлар божхона тўловларини тўлиқ ундирилишини таъминлаш мақсадида вақтинча сақловга олинди. Ҳозирда божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
16.12.2020