Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди
4480
Фарғона вилоят ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари М.Абдурахмонов, Фарғона вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Киличев ва “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси раҳбари Ф.Раҳмонов иштирокида “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди

Учрашувда, шу кунга қадар тадбиркорларни қийнаб келаётган бир қатор масалалар ва тушунмовчиликлар, хусусан, импорт тарзида олиб кириладиган асбоб ускуна ва жиҳозлар ҳамда товар ва хом ашёлардан мақсадли фойдаланиш, шунингдек экспорт учун товарлар ишлаб чиқариш, божхона расмийлаштирув жараёнлари масалаларига оид саволларга батафсил жавоб берилди.

Мазкур иқтисодий зона Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-4931-сонли Фармонга асосан ташкил этилиб, бугунги кунда “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида 86 та лойиҳа доирасида 69 та корхона фаолият юритмоқда. “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси иштирокчилари томонидан хориждан олиб келинган товарларга ушбу қарорга асосан жорий йилнинг ўтган даврида жами 137 миллиард сўм божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.

2020 йил давомида 23 та “Қўқон”эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси томонидан 13,1 миллион АҚШ долларига тенг тайёр маҳсулотлар экспорт қилинган. “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган корхоналарнинг экспорт импорт операцияларини тезкорлик билан амалга оширилишини таъминлаш мақсадида “Марғилон” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси маъмурий биносида доимий фаолият олиб борилиши таъминланмоқда. Бу эса тадбиркорларга ушбу зонадан чиқмаган ҳолда экспорт ва импорт операцияларини амалга ошириш имконини бермоқда.

Бугунги кунда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида қиймати 73,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 41 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилган бўлиб, 2353 та янги иш ўринлари яратилган.

Қиймати 161,57 миллион АҚШ долларига тенг 45 та лойиҳа бугунги кунда ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳалар бўйича 4732 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Шунингдек, 65 миллион АҚШ долларига тенг 5 та истиқболли лойиҳалар ҳам мавжуд бўлиб, унинг натижасида 820 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда. Буларнинг бари аҳоли фаровонлиги ва юрт равнақи учун хизмат қилади.

14.12.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг