Республикамизнинг ташқи савдо айланмасини ташкил этувчи экспорт ва импорт операцияларининг жадал суръатларда амалга оширилиши, ўзимизда ишлаб чиқарилган, етиштирилган ва қайта ишланган маҳсулотларнинг дунё бозорларига чиқиши натижасида мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, давлатимизнинг инвестицион жозибадорлиги ортишида божхона хизмати фаолиятида жорий этилаётган имконият ва имтиёзларнинг ўрни беқиёс.
Автотранспорт воситалари ҳамда фуқаролар ҳаракати, иш ҳажми бўйича республикамиз миқёсида энг йирик постлар жумласига кирувчи "Даут-ота" чегара божхона пости Нукус шаҳридан 450 км масофада жойлашган бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг шимолий дарвозаси ҳисобланади.
Божхона ходимларининг 2 та сменада суткада 24 соат давомида хизмат қилиши ташкиллаштирилган мазкур пост орқали ҳар куни ўртача 280-300 та енгил ва юк автотранспорт воситаларининг кириш, чиқиш ва транзит йўналишларда ҳаракати амалга оширилади.
Йил бошидан жами 66 831 та юк автотранспорт воситалари экспорт ва импортга йўналтирилган юкларни ўз манзилларига етказишда мазкур божхона пости орқали ҳаракатланган.
Замонавий ва илғор назорат техник воситалари, ахборот технологияларининг тизимга жорий этилиши натижасида, “Даут-ота” чегара божхона постида юк автотранспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви ва назорати учун кетадиган вақт анча камайди. Бу эса ўз навбатида постнинг ўтказувчанлик қобилиятининг янада ошириб, ташқи савдо товарларининг айланмасида бевосита ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, «қоғозсиз ва электрон божхона»нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган «рақамли божхона»ни шакллантириш, шунингдек, божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишни жадаллаштириш мақсадида амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Мазкур фармонда назарда тутилганидек, жорий йил 1 ноябрдан бошлаб “Даут-ота” чегара божхона постида ҳам Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими жорий этилди. Унга мувофиқ, пост орқали ҳаракатланувчи автотранспорт воситалари хавфлилик даражасига кўра автоматик тарзда “яшил”, “сариқ”, “қизил” ва “кўк” йўлакларга йўналтирилади. Автоматик тарзда танланган йўлакларда хавфлилик даражасига кўра божхона назорати соддалаштирилган ёки тўлиқ тартибда амалга оширилади.
Фаолияти давомида қонунбузарлик ҳолатлари содир этмаган ҳалол тадбиркорлик субъектлари ва юк ташувчилар асосан “яшил” йўлак орқали ҳаракатланиб, уларга нисбатан божхона кўриги тайинланмайди.
Божхона чегарасига кириб келган автотранспорт воситаси ҳаракатни тўхтатмасдан тегишли жойгача етиб келгунича, постда ўрнатилган автотранспорт воситасининг давлат рақамини аниқлаш тизими, радиацион портал монитор, электрон тарозилар ўз вазифаларини автоматик тарзда қайд қилиб олади. Инспекцион кўрик мажмуаси эса автотранспорт воситасини сканерлаб, божхона назоратининг тез ва самарали амалга оширилишида катта аҳамиятга эга қурилма саналади. Постда яратилган мазкур имкониятлар натижасида 1 та юк автотранспорт воситасининг божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтиши учун сарфланадиган вақт ўртача 35-50 дақиқага тенг бўлмоқда. Бугун божхона постларида яратилган шароитлар, жумладан жорий этилаётган “рақамли божхона” нафақат божхона назоратини тез ва самарали бўлишига хизмат қилади, балки тизимда инсон омилининг камайишига олиб келади ва божхоначиларнинг товар эгалари билан бевосита мулоқотини чеклайди. Бу эса ўз навбатида, божхона хизматида коррупция иллатининг вужудга келишида катта тўсиқ бўлади.
Шунингдек, божхона ходимлари томонидан замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “яширин иқтисодиёт”нинг вужудга келиши ҳамда божхона чегаралари орқали ноқонуний товар моддий бойликларнинг ҳаракатланишига қарши тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхона соҳасига оид қонун ҳужжатларининг бузилишига оид 230 та ҳолат аниқланган бўлиб, қиймати 3 миллиард 382 миллион сўмга тенг товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва ўқотар қуролларнинг ноқонуний айланмаси фош этилган жами 5 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилган. Божхона органлари тизимида йўналишлар бўйича ўқитилган хизмат итларидан кенг фойдаланиб келинмоқда.
2020 йилнинг 11 ойи давомида “Даут-ота” чегара божхона пости томонидан божхона тўловларидан 27 миллиард 488 миллион сўм пул маблағлари давлат бюджетига ўтказилди.
Божхона тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида яратилаётган қулайлик ва шароитларни бугун биргина “Даут-ота” чегара божхона пости мисолида қарадик. Ишончимиз комилки, республикамизнинг божхона тизимида жорий этилган бу каби инновацион тизим ва технологиялар давлатимизнинг инвестицион жозибадорлиги ва ташқи савдо айланмасининг янада ортиши билан бир қаторда мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш каби улуғвор вазифаларга хизмат қилади.
14.12.2020