Жумладан, “Тахиаташ” темир йўл станциясида республикамизга кириб келган “Бейнеу-Нукус” йўловчи поезди кўздан кечирилганида, фуқаролар Т.Б. ва Т.А. томонидан қиймати 47 млн. сўмлик осма шифтлар олиб кирилаётганлиги аниқланди.
Божхоначиларни чалғитиш ва бу орқали божхона тўловларидан бўйин товлаш мақсадида ушбу шахслар мазкур товарларни вагондаги бошқа йўловчиларга тарқатиб чиқишган экан.
Эслатиб ўтамиз, жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишнинг амалдаги тартибларига кўра, темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда 1000 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни божсиз олиб киришга рухсат этилади.
Аммо, бу исталган товарни исталган миқдорда олиб киришни англатмайди. Чунки, жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг қандай мақсадга мўлжалланганлигини аниқлашда товарларнинг миқдори ҳисобга олинади ва бунда товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахс ва унинг оила аъзолари эҳтиёжларидан ортиқ миқдордаги бир турдаги товарлар учун тегишли божхона тўловлари ундирилади.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
20.09.2018