Маълумки, республикамизда куз-қиш мавсумида аҳолининг кўмирга бўлган талаби ҳам кескин ортади. Мамлакатимизда қазиб олинаётган кўмир жами эҳтиёжни қондира олмаслигини инобатга олган ҳолда кўмирни импорт қилишни соддалаштириш ва тезлаштириш талаб этилади.
Кўмирнинг импорти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига божхона тартиб таомилларидан бир қатор имтиёзлар белгиланган бўлиб, бунинг натижасида тадбиркорлар томонидан ортиқча вақт сарфламасдан ҳужжатлаштириш ҳамда қайта ва қайта декларациялашнинг олди олинади. Бунинг учун тадбиркорларга Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси 270-моддасига асосан даврий божхона декларациялари билан декларациялаш имконияти йўлга қўйилган.
Даврий божхона юк декларацияси билан товарларни декларациялашда товарнинг ишлаб чиқарилган мамлакати, физик хусусиятлари, сифати, ишлаб чиқарувчиси ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси бўйича товар кодлари бир хил бўлган товарларга айни бир шахс томонидан божхона чегараси орқали мунтазам равишда олиб ўтилганда қўлланилади. Бунда товарларни айни бир шахс томонидан мунтазам равишда олиб ўтиши товарларнинг олтмиш календарь кун ичида бир маротабадан кўп марта битта юк жўнатувчи манзилидан бошқа юк қабул қилувчи манзилига бир шартнома асосида бир хил шароитда божхона чегарасидан олиб ўтилганда рухсат берилади. Бундай ҳолларда муайян вақт ичида божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган барча товарлар учун битта божхона юк декларацияси берилади. Бунинг натижасида кўмирни аҳолига тезкорлик билан етказиб бериш ва унинг таннархига киритиладиган харажатларнинг қўшилиши олди олиниб, кўмир нархларининг кўтарилиб кетмаслигига эришилмоқда.
Фарғона вилояти божхона бошқармасининг барча ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан импорт қилинаётган кўмир товарлари тезкорлик билан ва даврий божхона юк декларациялари қўлланилган ҳолда импортга расмийлаштириш амалга оширилиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда 50 дан зиёд тадбиркорлар томонидан Қирғизистон ва Қозоғистон Республикаларидан темир йўл транспорти ва автотранспорт воситаларида олиб келинган жами қиймати 10,2 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 379 минг тонна қўнғир ва тош кўмирлар импорт қилинди. Кўмир товарларини импортга расмийлаштиришда “Марғилон” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан ҳам ишлар суткалик ташкил қилиниб, сутканинг ҳар қандай вақтида кириб келган кўмир товарларини тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилишини таъминлаш мақсадида тадбиркорларнинг кўмир омборларида божхона назоратидан ўтказилиб аҳолига ва тезкорлик билан етказиб берилиши таъминланмоқда.
10.12.2020