Шу муносабат билан давлат божхона хизмати органлари томонидан жойларда турли тадбирлар, учрашувлар ташкил қилинмоқда.
Жумладан, Давлат божхона қўмитаси томонидан пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 209-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам бош қомусимизга бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати ходимлари, Божхона институти раҳбарияти ва курсантлари, мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар иштирок этишди.
Самимий учрашув ва жонли мулоқотга бой тарзда ўтган тадбирда таъкидланганидек, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси билан белгиланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган бош Қонундир.
Конституциямизда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари, ривожланган хорижий давлатларнинг ҳуқуқий амалиёти ҳамда ўзбек давлат тарихчилиги анъаналари, кўп асрлик миллий урф-одатларимиз, буюк аждодларимизнинг тарихий тажрибалари ва инсонпарварлик ғоялари чуқур сингдирилганлигини унинг ҳар бир моддасидан англаш мумкин.
Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда ўқувчилар томонидан тайёрланган ҳар бир шеърий чиқишлар ва саҳна кўринишлари ўзида бош қомусимизнинг мазмун-моҳиятини содда ва равон тилда ифодагани билан иштирокчилар ёдида қолди.
Божхона институти курсантлари ва мактабнинг юқори синф ўқувчилари билан Консутитуциямиз бўйича бўлиб ўтган савол-жавоблар қизғин беллашувларга айланиб кетди.
Тадбир сўнгида фаол ўқувчиларга эсдалик совғалар топширилди, шунингдек, Бош қомусимиз ҳақида тайёрланган “Энг яхш деворий газета” номинацияси ғолиблари ҳам фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
8.12.2020