Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий-техник институти, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, Тошкент давлат юридик университети, Божхона институти шахсий таркиби ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Онлайн илмий-амалий давра суҳбатида Конституциямизнинг қабул қилиниши жамият ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизни тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий механизмни яратишга хизмат қилганлиги таъкидланди. Юртимизда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият сифатида қарор топтириш борасида қонунчилик ва амалий сиёсатимизда қандай натижа ва ютуқларни қўлга киритган бўлсак, уларнинг барчаси бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган қоида ва тамойиллар билан узвий боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бугунги кунда мамлакатда ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш, ҳуқуқий давлат барпо этишнинг қонуний замини ва инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг кафолати сифатидаги аҳамияти, шубҳасиз, бениҳоя каттадир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир”.
1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиниши, нақадар муҳим воқеа бўлганлигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Айтиш лозимки, бош қомусимиз қабул қилинганидан буён ўтган йигирма саккиз йил Конституциямизнинг нақадар етук ва нуфузли ҳужжат эканлигини тўла тасдиқлади. Буни республикамиз фуқаролари, сиёсатчилар ва халқаро сиёсий ташкилотлар, бир сўз билан айтганда, кенг жамоатчилик тан олган.
Тадбирда, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг асоси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган инсонпарварлик, инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқларининг олий қадрият сифатида тан олиниши каби умуминсоний принципларни амалга оширишдан иборат эканлиги, асосий қонунимизни азалий кадриятларимизнинг амалдаги ёрқин ифодаси эканлиги алоҳида таъкидланди.
7.12.2020