Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон
1445
Ўзбекиcтон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти ташаббусига кўра, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Маълумки, давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсолдир. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди. Тадбирни Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб берар экан,  Президентимизнинг "Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорига тўхталди. - Бу ҳам ўзбек халқи, адабиёт, шеърият вакиллари учун катта қувончли ҳодисадир, деди. – Мадҳиямиз халқимиз учун азиз, маънавиятимизнинг энг муҳим тимсолидир.

Мадҳия -  халқнинг ғуруридир. Шу боис, у янграганда биз руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз. Тадбирда сўзга чиққанлар ана шу жиҳатларга эътибор қаратишди.

 – Ўзбекистон халқини бирлаштириб турадиган тимсолларимиздан бири бу, мадҳиямиздир, - дея таъкидлади Божхона институти бошлиғи, божхона хизмати подполковниги Восид Эргашев. -  Мадҳиямизга зўр эҳтиром билан қараш, Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг  ватанпарварлик бурчидир. Бу эса қонунларда белгилаб берилган. Таълим даргоҳимизда ҳам ҳар кунги дарс жараёнлари мадҳиямизнинг янграши билан бошланади. Бу эса бўлажак божхоначиларнинг юртга садоқатли, ватанпарвар, етук мутахассис бўлиб етишишларида аҳамиятлидир.

Тадбирда таъкидланганидек, ер юзида икки юз элликка яқин давлатлар мавжуд бўлиб, ҳар бир мамлакат ўз Давлат мадҳиясига эга. Мадҳия қайси мамлакатники бўлмасин,  у ўша халқнинг орзу-умидлари, озодлигини ер курраси бўйлаб акс садо бериб туради. Улар билан бир қаторда жаранг сочаётган мадҳиямиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради. Учрашувда сўз олган Фидокорона хизматлари учун ордени соҳибаси, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг турмуш ўртоғи Ҳанифа Орипова мадҳиянинг шеъри ва мусиқасини яратилиш жараёни ҳақида йиғилганларга гапириб берди. Хусусан, икки буюк ижодкор Абдулла Орипов ва Ўзбекистон халқ бастакори Мутал Бурхонов билан ҳамкорликда кечган ижодий жараён ҳақидаги қизиқарли воқеаларни ёдга олди. 

Шунингдек, тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов сўзга чиқиб, Давлат мадҳияси тўғрисидаги фикрларини баён қилди. - Мадҳия – қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, энг муҳими юртга меҳр уйғотади. Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, зийнати, орзу-ўйи, маслак-мақсади мужассамдир, дея таъкидлади.

Тадбир Ўзбекистон халқ артистлари Муножот Йўлчиева, Гавҳар Зокирова ҳамда божхона институти курсантларининг шеърлари, куй-қўшиқлар билан давом этди.

Кеча якунида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан бир гуруҳ божхоначиларга бадиий китоблар совға қилинди.

 

 

 

 

5.12.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг