Бугунги кунда қонун чекловларини менсимаган ҳолда, мўмай даромад илинжида пиротехника савдоси билан “ҳеч ким билмайди” қабилида шуғулланаётган баъзи “уддабуронлар” қонун олдида бош эгиб пушаймон бўлаётганига кўп бора дуч келмоқдамиз.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳамда вилоят ИИБ, ДХХ ва Миллий гвардия ходимларининг ҳамкорликда олиб бораётган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида вилоят бўйлаб пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келаётган “учарлар”нинг фаолиятига чек қўйилмоқда.
Хусусан, Ҳазорасп туманида ўтказилган тезкор тадбир натижасида, Ҳазорасп тумани марказидаги истироҳат боғи олдида пиёда ҳаракатланиб кетаётган фуқаро Р.Кга тегишли бўлган қоғоз коробкада ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган, 100 қути жами 6 000 дона пиротехника воситаси борлиги аниқланди.
Урганч шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир натижасида, фуқаро Ж.Б.га тегишли бўлган қора рангли целофан пакет кўздан кечирилганида, жами 6 000 дона пиротехника воситаси борлиги аниқланди.
Урганч шаҳри “Тўмарис нур” савдо маркази атрофида ҳаракатланиб кетаётган фуқаролар Р.Э ва Ш.М.ларга тегишли бўлган қўл сумкалар холислар иштирокида кўздан кечирилганида, 140 қути жами 8400 дона “Британик” ёзувли пиротехника воситасига ўхшаш воситалар борлиги аниқланди.
Ҳазорасп туманида ўтказилган яна бир тезкор тадбир натижасида, фуқаро С.Сга тегишли бўлган полиэтилен сумка кўздан кечирилганида, 230 қути жами 13800 дона “Британик” ёзувли пиротехника воситаси борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
4.12.2020