Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан Давлат божхона қўмитасида “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди
1867

Рақамли технологиялар мени жуда қаттиқ
ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг
оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда
самарали воситадир.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Т.Нарбаева томонидан тасдиқланган “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни”га бағишланган Антикоррупцион ҳафталик доирасида Давлат божхона қўмитасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда асосий эътибор давлат божхона хизмати органлари фаолиятининг очиқлиги, жамоатчилик ва фуқаролар олдида ҳисобдорлигини таъминлаш, улар фаолиятида коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганишга қаратилди.

Тадбирни очар экан, Давлат божхона қўмитаси раиси М.Азимов сўнгги йилларда республикамизда коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, жорий йилнинг 24 январь куни Муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган мурожаатида ислоҳотлар самараси кўп жиҳатдан қуйидаги тўрт омилга, яъни қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқлигига  урғу бердилар.

Мазкур мурожаатномадан кўп вақт ўтмай ташкил қилинган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур йўналишдаги вазифалар ижросини тизимли ташкил этишга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мазкур агентлик билан Давлат божхона қўмитаси ўртасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ўзаро имзоланган “Давлат божхона қўмитаси тизимида коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш бўйича “Йўл харитаси” асосида жадал равишда олиб борилмоқда.

Ушбу “Йўл харитаси”да

-  соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш ҳамда божхона процедураларини рақамлаштириш ҳисобига божхона расмийлаштирувини соддалаштириш ва мавжуд бюрократик тўсиқларни бартараф этиш;

- коррупция билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатларни бошланиш босқичини ўзида аниқлаш ва уларга шароит яратувчи омилларни бартараф этиш;

- коррупцияга қарши қаратилган профилактика-тарғибот тадбирларини янада кучайтириш ҳамда мувофиқлик тизимини такомиллаштириш;

- божхона расмийлаштируви жараёнида инсон омилини қисқартириш;

- коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик - “compliance control” тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кенг жамоатчилик вакиллари, журналистлар, блогерлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва талабалар иштирокида ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” доирасида Давлат божхона қўмитаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида “Коррупцияга қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик тўғрисида”ги Меморандум имзоланди.

Меморандумни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов ва Давлат божхона қўмитаси раиси Муротжон Азимовлар имзолашди.

Шунингдек, журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун божхона органларида коррупцияга қарши кураш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан брифинг ўтказилди.

Брифингда маълум қилинишича, сўнгги 3 йилда божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда соҳани тубдан ислоҳ қилишга қаратилган 100 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилинган.

Расмийлаштирув жараёнидаги ҳужжатлар салмоғи қисқартирилиб, илгари ҳар бир расмийлаштирувда тақдим этилиши шарт бўлган 10 дан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари ва  ТИФ ТН коди бўйича экспертиза хулосасини тақдим этиш каби талаблар, айрим товарларнинг экспорт жараёнида контрактларни ҳисобга қўйиш шартлари бекор қилинди.

Соҳага илғор ва инновацион технологияларни жорий қилиниши ҳисобига божхона юк декларацияларини автоматик рўйхатга олиш ва автоматик тақсимлаш жорий этилди. Натижада, илгари ушбу жараёнга 2-3 соат вақт сарфланган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 1-2 дақиқани ташкил қилмоқда.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида давлат бюджетига ундириладиган божхона тўловлари миқдори йилдан йилга ортиб бормоқда.  Масалан, республикамиз божхоначилари томонидан 2020 йилнинг ўтган 11 ойи давомида 21,5 трлн. сўм миқдоридаги божхона тўловлари ундирилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг айни шу даврида 14,9 трлн. сўмни ташкил қилган. Мазкур йўналишдаги ўсиш 6,6 трлн. сўмни ёки 44,4 фоизни ташкил қилмоқда. 

Божхона тўловларини мобиль-банкинг хизмати орқали онлайн ўтказиш йўлга қўйилиши натижасида 2020 йилнинг 11 ойи давомида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари бевосита банкларга бормасдан туриб, 125,9 млрд. сўмлик божхона тўловларини амалга оширишди.

Муҳим янгиликдан бири - бу соҳага “Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизимининг амалиётга жорий этилиши натижасида товарлар ва транспорт воситаларини 100 фоиз божхона назоратидан ўтказишдек самарасиз усулдан воз кечилиб, бугунги кунда 65 фоиздан ортиқ юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда.

Жорий йилнинг 1 январидан Давлат божхона қўмитаси ва бир қатор вазирлик, идоралар ҳамкорлигида рухсатнома ҳужжатлари ва сертификатларни электрон кўринишда расмийлаштириш имконини берувчи “Ягона дарча” божхона ахборот тизими ишга туширилди.

Бугунги кунда божхона органларида жами 56 та ахборот тизимлари ва 30 та интерактив хизматлари амалиётга жорий этилди.

Божхона ходимларининг фаолиятини жисмоний ва юридик шахслар томонидан онлайн тартибда баҳолаш тизими жорий этилди. Ушбу тизим ҳозирда янада такомиллаштирилмоқда.

Тадбирнинг янада жонли ўтишига хизмат қилган омиллардан бири иштирокчилар шу ернинг ўзидан туриб, видеоконференция кўмагида Тошкент вилоятидаги “Яллама”, Бухоро вилоятидаги “Олот” ҳамда Сурхондарё вилоятидаги “Айритом” чегара-божхона пости фаолиятини онлайн равишда кузатиш имконига эга бўлишди.

Брифингда маълум қилинишича, келгусида тизимда коррупция ва бошқа салбий иллатларни бартараф этиш борасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан узвий ҳамкорликда аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар янада кучайтирилади.

Шунингдек, божхона органларида “комплаенс-назорат” тизимини қўллашда хорижий давлатларнинг илғор тажрибасидан кенг фойдаланишга, тизимда коррупцияни келтириб чиқариш хатарлари мавжуд бўлган соҳаларни аниқлашга қаратилган ижтимоий сўровлар ўтказишга ҳам эътибор қаратилади.

 Хавф даражаси паст бўлган товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнларини босқичма-босқич инсон омилини аралаштирмаган ҳолда автоматик расмийлаштиришни жорий этиш ҳам олдиндаги муҳим режалардан бири ҳисобланади.

Қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтган брифингдан сўнг “Очиқ эшиклар куни”га ташриф буюрган иштирокчилар божхона органлари фаолиятига тадбиқ қилинган замонавий технологиялар ва назорат-техник воситаларининг кичик кўргазмаси билан танишишди.

Қайд этилганидек, Муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли амалий ҳамкорлик натижасида чегарадош Қирғизистон Республикаси билан 5 та ва Тожикистон Республикаси билан 9 та ўтказиш пунктларида аввалги йилларда ўрнатилган чекловлар бекор қилиниб, фуқаро ва транспорт воситалари ҳаракати тўлиқ тикланди.

Натижада, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган фуқаролар сони 2,5 баробарга (2017 йилда 21,7 млн., 2018 йилда 40,4 млн. ва 2019 йилда 42,6 млн.) ва автотранспорт воситалари сони деярли 4 баробарга (2017 йилда 484,7 минг, 2018 йилда 1,2 млн. ва 2019 йилда 1,9 млн.) кескин ортди.

Бу эса ўз навбатида, чегара божхона постлари ва уларга туташ ҳудудлардаги инфратузилма объектларини ривожлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва назорат техник воситалари билан етарли миқдорда жиҳозлаш, тирбандликларни келиб чиқишини олдини олиш мақсадида уларнинг ўтказувчанлигини оширишни тақозо этмоқда. 

Бугунги кунда, божхона органлари тасарруфида мавжуд 110 та божхона постлари (шундан 57 таси чегара ва 53 таси ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари) 19 та инспекцион кўрик мажмуаси, 15 та инсон танасини сканер қилувчи қурилма, 216 та рентген аппарати, 1287 та радиацион портал монитор, 30 та автотарози, 19 та автотранспорт воситалари давлат рақамларини аниқлаш тизими, 163 та контрабанда ашёларини аниқлаш жамланмалари, 131 та муқим ва 302 та қўлда олиб юрилувчи металлодетекторлар билан жиҳозланган.

Ўз ўрнида автотранспорт ва фуқаролар ҳаракати ортиши назорат - техник воситаларини божхона фаолиятида айниқса, товарлар ва контрабанда ашёларини аниқланишида муҳим аҳамият касб этишини инобатга олиб, чегара божхона постларини қўшимча назорат - техник воситалари билан жиҳозлаш ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда. Мазкур ислоҳотларнинг барчаси коррупцион ҳолатларни олдини олишда катта қадам бўлмоқда.

 “Очиқ эшиклар куни” доирасида тадбир иштирокчилари Давлат божхона қўмитасининг “Божхона тарихи” музейи билан ҳам танишдилар.

 

 

3.12.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг