Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона хизмати органлари ҳузурида Жамоатчилик кенгаши иш бошлади
1883
2018 йил 18 сентябрь куни Давлат божхона қўмитасида Давлат божхона хизмати органлари ҳузурида иш бошлаган Жамоатчилик Кенгашининг илк мажлиси бўлиб ўтди.
Давлат божхона хизмати органлари ҳузурида Жамоатчилик кенгаши иш бошлади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” жорий йил 4 июлдаги ПҚ-3837 сон Қарори асосида Давлат божхона хизмати органлари ҳузурида ҳам Жамоатчилик Кенгаши ташкил этилди ва унинг таркиби тасдиқланган эди.

Айни пайтда давлат божхона хизмати органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши назорат субъекти сифатида ўз ишини бошлаб юборган бўлиб, мажлисда асосий эътибор мазкур кенгашнинг келгусидаги иш режаларига қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, Жамоат кенгаши аъзолигига қоида тариқасида божхона органларида намунали хизмат кўрсатган меҳнат фахрийлари, жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга, обрў-эътиборли фуқаролар шунингдек, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари қабул қилинади.

Жамоатчилик кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган доимий фаолият юритувчи маслаҳат кенгаш органи ҳисобланади.

Жамоатчилик кенгаши зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлди.

  • Бошқа органлар томонидан ташкил этиладиган очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисида ахборотни олдиндан олиш ҳамда тадбирда иштирок этиш;
  • Божхона органларининг барча таркибий тузилмалари, бинолари ва бошқа объектларини белгиланган тартибда бориб кўриш;
  • Божхона органларининг барча таркибий тузилмалари раҳбарларига жамоатчилик кенгаши ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар киритиш;
  • Божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш;
  • Божхона органларининг қонун ижодкорлиги фаолиятида ишлаб чиқилган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасини таъминлашда иштирок этиш;
  • Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларига божхона органлари томонидан берилган жавобларининг сифатини танлаб олган ҳолда таҳлил қилиш;
  • Божхона органлари ходимларининг розилиги билан уларнинг уй-жой, ижтимоий-маиший ва хизмат шарт-шароитлари билан танишиш;
  • Жамоатчилик кенгаши мажлисларида муҳокама қилинадиган масалаларни ёритиш бўйича оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;
  • Юклатилган вазифаларни бажариш учун конференциялар, форумлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ҳуқуқига эга.

Жамоатчилик кенгаши қонун хужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Кенгаш низомига кўра, жамоат назорати қонун хужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда оммавий ва очиқ, холис ва беғараз, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига асоссиз аралашувига ва уларга ғайриқонуний таъсир кўрсатишга йўл қўймасдан ўтказилиши раҳбарий қоидалар сифатида белгилаб қўйилган.

Ушбу талабларга риоя қилмаслик эса жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш деб ҳисобланади.

Мажлис якунида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.  

Ҳ.Азизов,

Жамоатчилик кенгаши аъзоси

19.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг