Инсофли тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали яширин иқтисодиётни қисқартириш ва олдини олишга қаратилган ислоҳотлар ўтказилаётган бир вақтда айрим “уддабурон тадбиркорлар" давлат бюджетига божхона тўловларини белгиланган тартибда тўлаш ўрнига, турли қинғир йўллар билан бойлик орттиришни ўзига мақсад қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини чалғитишга уринишади.
Аммо уларнинг қинғир режалари ўз вақтида фош этилмоқда.
Хусусан, Андижон вилояти божхона бошқармаси Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими ходимлари Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари билан ҳамкорликда навбатдаги қонунбузилиш ҳолатларини фош этишди.
Жумладан, вилоятда фаолият юритувчи МЧЖлардан бирининг номига хориждан юборилган товар-моддий бойликлар божхона кўригидан ўтказилганида, юк-кузатув хужжатларида акс эттирилмаган, умумий қиймати 465 млн сўмлик канцелярия товарлари ҳамда саноат моллари мавжуд эканлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижон вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
28.11.2020