Барча идоралар қатори божхона органида ҳам коррупцияга қарши курашиш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, божхонани “коррупциясиз соҳа”га айлантириш мақсадида, қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш дастури қабул қилиниб, Коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссия тузилган ва Давлат божхона қўмитасининг Коррупцияга қарши курашиш сиёсати тасдиқланган.
Шу билан бирга, соҳа ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, айниқса соҳага алоқадор ҳисобланган ташқи иқтисодий фаолият субъектларида коррупцияга қарши тоқатсизлик ва муросасизлик туйғуларини тарбиялаш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан бу иллатга қарши курашиш бўйича доимий тарзда тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.
Яна бир томондан, ушбу жиноятга қарши курашишнинг энг асосий йўли бу иш жараёнларини шаффоф қилишдир. Бунда энг асосий эътиборни ишга олиш, божхона расмийлаштируви, рухсатнома ва лицензиялар бериш каби жараёнларда очиқ-ошкораликни таъминлашга қаратиш лозимдир.
Маълумот учун, божхонада жорий йилнинг ўтган даврида 6 та ахборот тизимлари ҳамда 13 та интерактив хизматлар амалиётга жорий этилди. Бугунги кунда божхона органларида жами 56 та ахборот тизимлари ва 30 та интерактив хизматлардан самарали фойдаланилмоқда.
Шуни айтиш лозимки, божхона органларида коррупцияга қарши курашиш тадбирлари давом эттирилмоқда ва бу каби тадбирлар коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан кўра, уни барвақт олдини олишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
28.11.2020