Жаҳон бозорларида рақобат кескинлашиб бораётган шароитда маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш орқали янги бозорларга кириб бориш ва анъанавий бозорларда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун экспорт қилувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш заруриятини юзага келтирмоқда.
Шу муносабат билан 2020 йил 26 ноябрь куни Тошкент шаҳар божхона бошқамасининг “Чуқурсой” ТИФ божхона постида бир гуруҳ экспорт билан шуғулланувчи корхона вакиллари иштирокида махсулотларни экспорт қилишда мавжуд муаммолар ва таклифлар муҳокамасига бағишланган тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов, Ташқи савдо операциялари мониторинги ва божхона статистикаси бўлими бошлиғи А.Мадумаров, “Чуқурсой” ТИФ божхона пости бошлиғи Ж.Якубов ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ нинг раҳбарияти ҳамда масъул вакиллари иштирок этди. Тадбирда ҳозирги кунда давлатимиз томонидан экспортни рағбатлантириш юзасидан бир қанча имкониятлар яратилаётганлиги, хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сон Фармони билан тадбиркорлик субъетларининг ҳисобот йилида амалга оширилган товарларнинг умумий экспортига нисбатан 10 фоиздан ошмаган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, кафолатланган тўловни таъминламасдан товарлар экспортини амалга оширишга имконият яратилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 майдаги “Экспорт фаолиятини янада қўллаб қувватлаш тўғрисида”ги ПҚ-4707-сон Қарори билан экспорт қилишда бир қанча товарлар учун автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш тартиби жорий этилганлиги, шунингдек божхона органлари томонидан экспорт шартномаларини ҳар қандай назорат қилиш тартиблари бекор қилинганлиги, лекин тадбиркорлик субъектларига яратилаётган имкониятларга қарамасдан айрим нопок тадбиркорлик субъектлари томонидан сохта экспорт қилиш ҳолатлари учраётганлиги, бу эса ўз навбатида ҳозирги кундаги долзарб масалалардан бири бўлган дебитор қарздорликларни янада ошишига сабаб бўлаётганлиги айтиб ўтилди.
Тадбир давомида тадбиркорларни қийнаётган муаммолар, божхона расмилаштируви жараёнлари билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари, тавсиялари тингланиб, келтирилган муаммоли масалалар жойида ўрганилиб, уларнинг ечими бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Тадбир сўнгида, тадбиркорлик субъектларини божхона соҳасидаги қизиқтирган савол ва билдирилаётган таклифларининг ечимларида амалий ёрдам бериш мақсадида “Тадбиркорларга Тошкент божхонасидан кўмак” (https://t.me/tshbb_tadbirkor) телеграмм гуруҳи ишга туширилганлиги, шунингдек, тамагирликка ва ҳар қандай бюрократик тўсиқларга йўл қўйилиши билан боғлиқ ҳолатларга дуч келганда бошқарманинг 78-120-76-76 ҳамда 11-08 рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беришлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.
28.11.2020