Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Бўстон туманида навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.
Олинган тезкор маълумотлар асосида тезкор кузатув остига олинган фуқаро З.М. бошқарувидаги “HYUNDAI PORTER” русумли юк транспорт воситаси тўхтатилиб текширилганида, уддабурон шахслар томонидан автотранспорт воситаси юкхонасига бир қарашда қишлоқ хўжалик махсулотларини олиб келиш ниқоби остида гўёки ёғоч яшиклар ортилган бўлсада, лекин ёғоч эшик ортида чет элда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган телевизорлар борлиги маълум бўлди.
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида автотранспорт воситасини тўлиқ кўздан кечиришлик учун Андижон вилояти божхона бошқармаси худудига олиб келиниб, хайдовчи М.З. ҳамда ўзини ушбу юкларни кузатувчиси деб таништирган фуқаро С.А. иштирокида ушбу автомашина кўздан кечирилганида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 324-сонли қарори талабига асосан мажбурий маркировкаланмаган 83 дона умумий қиймати 170 000 000 сўмлик телевизор товарлари яширилганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан суриштирув ва текширув ишлари олиб борилмоқда.
28.11.2020