Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар “Юзма-юз” кўрсатувида иштирок этишди
1338
Сир эмаски бугун барча соҳаларда ривожланиш ва ўзгаришлар даври кечмоқда. Биргина божхона соҳасини олиб қарайдиган бўлсак, ўтган 2-3 йил ичида соҳада буткул янгиланишлар амалга оширилди. Албатта, бу ўзгаришларни ўз вақтида аҳолига етказиш, амалга оширилаётган ишлар, халқ манфаати йўлида қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, бу орқали уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш жуда муҳим масала.
Божхоначилар “Юзма-юз” кўрсатувида иштирок этишди

Шу боис, Сирдарё вилояти телерадиокомпаниясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати  органлари  фаолиятини   такомиллаштириш  тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармони ижроси юзасидан “Юзма-юз” кўрсатуви ташкил этилди. Унда вилоят божхона бошқармасининг маъсул ходимлари иштирок этиб, ушбу Фармоннинг мазмун-моҳияти юзасидан кенг тушунчалар бериб ўтишди.

Аввало айтиб ўтиш керакки, ушбу Фармон божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, “қоғозсиз ва электрон божхона”нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган “рақамли божхона”ни шакллантириш, божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишни жадаллаштириш мақсадида қабул қилинди.

Фармон билан 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси ва мазкур концепцияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Концепцияда 2020 – 2023 йилларда ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тартиб-тамойиллар ҳамда божхона органлари фаолиятини ислоҳ этишнинг 7 та қуйидаги асосий йўналишлари белгилаб олинди:

- божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;

- божхона органлари фаолияти ва инфраструктура объектларини ривожлантириш;

- рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари шаффофлиги ҳамда фаолияти самарадорлигини таъминлаш;

- божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштириш, ташқи иқтисодий фаолиятни тарифли ва нотариф тартибга солишни соддалаштириш;

- контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш;

- божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш
ҳамда малакаси ва салоҳиятини янада ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;

- халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш.

Шунингдек, кўрсатув давомида бугунги кунда Фармон ижроси юзасидан соҳада олиб борилаётган ва қилиниши керак бўлган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, 2020 йил 1 сентябрдан, “Ягона дарча” божхона ахборот тизими чегара божхона постларида жорий этилиши белгиланганлиги, шу билан бирга, 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб, божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунга қисқартирилганлиги, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида маҳсулотни чиқариш меъёрини идентификациялаш ва баҳолаш услубияти тадбиркорлик субъектининг ўзи томонидан ишлаб чиқилиши белгиланганлиги ва бошқа шу каби соҳада жорий қилинган қулайликлар тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Онлайн мулоқот тарзида бўлиб ўтган кўрсатув давомида телетомошабинлар божхона соҳасига оид ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутасаддилари томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.

Кўрсатув якунида эса божхона органларида соҳага оид ҳар бир мурожаат ва масала эътиборда эканлиги, шу боис Давлат божхона қўмитасининг қисқа рақамли 11-08 ҳамда вилоят божхона бошқармасининг 67-225-48-67 рақамли ишонч телефонлари мунтазам фаолият олиб бораётганлиги эслатиб ўтилди. 

 

 

 

26.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг