Хусусан, доимий равишда профилактик тадбирлар ташкил этилиб, "устоз-мураббийлик" мактаби анъаналари бўйича ёш ходимларга амалий ёрдам берилмоқда ҳамда ходимларнинг касбий ва жанговор тайёргарлиги бўйича ўқув машғулотлари мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда.
Ана шундай амалий профилактик тадбирлардан яна бири “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари билан ўтказилди.
Тадбирда Кадрлар бўлими бошлиғи С.Рахметов сўзга чиқиб, тизимда кадрлар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, кадрларнинг касбий ва илмий салоҳиятини, касбига бўлган муҳаббатини ошириш борасида бошқармада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида фикрларини билдириб, пост ходимларидан хизмат интизомига тўлиқ риоя қилишлари, коррупция ва порахўрлик ҳолатларига умуман йўл қўймасликлари, ҳалол меҳнат қилишлари, божхоначи деган номга доғ туширмасликларини, билимларини ошириб боришлари, янги қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини ўз вақтида ўрганиб, амалиётга тўғри татбиқ қилишларини таъкидлаб, тажрибали ходимлардан ўз қўл остига бириктирилган ёш ходимларга "устоз-мураббийлик" тамойиллари асосида билим ва малакаларини ўргатиб боришларини айтиб ўтди.
Зеро, бугун замон шиддатли, бугун янгиликлар бисёр. Божхона соҳасига оид қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар эса талайгина. Ўз устида доимий ишлаб, изланишда бўлган ходимгина тизимда ўз ўрнига эга бўла олади.
Шундай экан, биз божхоначилар ҳар доим “бешикдан то қабргача илм изла” нақли асосида билим олишдан тўхтамаслигимиз, ўз устимизда мунтазам равишда ишлаб, эртанги божхона тизимининг ёрқин келажаги учун белимизни маҳкам боғлаб, ҳалол ва пок хизматимиз билан соҳа ривожига ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.
26.11.2020