“… ҳар бир аскар ва сержантда, офицер ва генералда, бутун шахсий таркибда миллий руҳ ва ғурур кучли бўлиши керак. Миллий руҳ – бу енгилмас куч. Миллий руҳ кучли бўлса, ирода, жанговар салоҳият ҳам юқори бўлади. Келажакда ҳарбий бўлишни орзу қиладиган ботир фарзандларимиз миллий руҳни, муқаддас Ватан тақдири учун масъулият туйғусини қаердан олади? Ватанимиз бой тарихидан, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимиз жасоратидан олади”
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти,
Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони
Тошкент вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ахлоқий-руҳий таъминоти тизимини такомиллаштириш масалалари” мавзусида форум бўлиб ўтди.
Форум мавзу юзасидан ўзаро тажриба алмашиш, вазирлик ва идораларнинг соҳада эришган ютуқларини ҳаётга татбиқ этиш, жанговар (махсус) хизмат вазифаларини бажаришда ахлоқий-руҳий таъминотни самарали ташкиллаштириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, ахлоқий-руҳий таъминотни такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар таҳлили натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда Қуролли Кучлар давлат ҳокимияти органлари, Давлат божхона қўмитаси ва Божхона институти, жамоат ташкилотлари ва бирлашмаларининг масъул ходимлари, қўшин турлари ва ҳарбий тузилмаларнинг тарбиявий ва мафкуравий ишлар органлари офицерлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дарҳақиқат, қачонки ҳарбий хизматчиларда миллий руҳ юксак бўлса, улар ўз олдиларига қўйилган вазифаларни муваффақиятли адо этади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг жанговар шайлиги ва жанговар кобилиятини ошириш, мамлакатимизнинг тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги ва тараққиётини таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг 2 февралида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ахлоқий-руҳий таъминот Концепцияси тасдиқланган эди.
Мазкур Концепциянинг мазмун-моҳияти, ундан кўзланган мақсад ҳамда ахлоқий-руҳий таъминотни ташкиллаштиришда вазирлик, қўмита ва идораларнинг ҳамкорликдаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида 2019 йилнинг апрель ойида Биринчи форум ўтказилди.
Форумдан сўнг ўтган давр мобайнида мазкур соҳани ривожлантириш бўйича қатор илмий изланишлар олиб борилди, ички идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва қўшинларга тадбиқ этилди, ҳарбий хизматчиларни ахлоқий-руҳий тайёргарлиги бўйича қатор объектлар барпо этилди.
Навбатдаги форумда айнан соҳада ўтган бир йил давомида олиб борилган шу каби ишлар, эришилган ютуқлар ва мавжуд камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ахлоқий-руҳий таъминот борасидаги мавжуд муаммолар, жаҳон ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ўзгариш тенденцияси, Марказий Осиё минтақасида сақланиб қолаётган хавф-хатарларнинг ўзига хослиги, ахлоқий-руҳий таъминотни ташкиллаштиришда хориж тажрибаси, фавқулодда ҳолатлар юзага келганида аҳоли орасида ахлоқий-руҳий таъминот тадбирларини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда бу борада вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш бўйича таклифлар ўрганилди.
Шунингдек жамоат хавфсизлигини сақлаш ва қуролли можарони бартараф этишда Миллий гвардия қўшинларида ахлоқий-руҳий таъминот бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Форум якунида иштирокчилар қўшинларда ахлоқий-руҳий таъминот фаолияти самарадорлигини ошириш ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
26.11.2020