Мазкур қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби масалалар аниқ белгилаб қўйилган. Шундай экан, бу иллатнинг нақадар мудҳиш эканини тушуниш, шунингдек, унга қарши курашиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз ҳисобланади.
Бу борада кўзланган мақсадга эришиш учун кенг жамоатчилик ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш самарали натижани беради.
Шундан келиб чиқиб, божхона соҳасидаги масъул ходимлар томонидан ҳам кенг жамоатчилик ўртасида коррупция ва тамагирлик иллатларига йўл қўймаслик, божхона ходимлари томонидан ўзларига юклатилган хизмат вазифаларини сидқидилдан ва ҳалол бажаришлари юзасидан доимий равишда тушунтириш ва профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу борадаги навбатдаги тадбир Қашқадарё вилоят божхона бошқармасида вилоят Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ташкил қилинди. Тадбирда иштирокчиларга божхона соҳасида коррупция ва бошқа қонунбузарликларни олдини олиш юзасидан кенг қамровли тушунтиришлар берилди. Божхона ходимларига тадбиркорлар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига ҳушмуомалада бўлиш, уларнинг мурожаатларига тезкорлик билан жавоб қайтариш, бу борада сансалорликларга йўл қўймаслик, шунингдек божхона назорати ва расмийлаштирувларини тезкорлик билан амалга ошириш лозимлиги яна бир бор эслатиб ўтилди. Шунингдек, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитларга божхона ходимлари ҳалол ва пок меҳнати билан, ўз хизмат вазифаларига виждонан ёндашган ҳолда жавоб қайтариши лозимлиги таъкидланди.
Мазкур йўналишда бирор бир муаммолар юзага келган тақдирда, Давлат божхона қўмитасининг қисқа “11-08” ҳамда бошқармада ташкил қилинган (75) 221-04-80 ишонч телефон рақамига мурожаат этишлари мумкинлиги маълум қилинди.
24.11.2020