Мазкур имконият ва қулайликларни тадбиркорларга ўз вақтида етказиш, тушунтириш ва тарғибот ишларини амалга ошириш божхона органларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан воҳадаги корхоналарга борилиб, учрашувлар ўтказилиб келинмоқда. Бу галдаги учрашув Қарши туманида фаолият юритаётган “LT Textile International” ХК МЧЖда бўлиб ўтди ва учрашувда корхона вакилларига божхона соҳасида яратилган қатор қулайликлар ва имкониятлар тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Мазкур корхонада бугунги кунда пахта толасидан сифатли ип калава маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларнинг қарийб 100 фоизи чет давлатларига экспорт қилинмоқда.
Олинган маълумотларга кўра, мазкур корхона томонидан жорий йилнинг ўтган 8 ойида қарийб 29 млн. АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Маҳсулотлар асосан, Туркия, Хитой, Россия ва Молдава каби ўндан ортиқ давлатларига экспорт қилинди.
Дарҳақиқат, келгусида корхона ўз фаолиятини кенгайтириши кўзда тутилган бўлиб, замонавий тўқимачиликни ташкил этишни режалаштирган. Бу эса ўз навбатида янги иш ўринларининг яратилишига олиб келади.
Қашқадарё вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
18.09.2018