Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Миллий кинология марказида ёшлар сайли бўлиб ўтди (ФОТОРЕПОРТАЖ)
2842
Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Марказий кенгаши томонидан “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ёшлар сайли ташкил қилинди.
Миллий кинология марказида ёшлар сайли бўлиб ўтди (ФОТОРЕПОРТАЖ)

“Баркамол авлод” Республика болалар бадиий ижодиёт маркази, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, Тошкент шаҳар Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, Сергели тумани маданият бўлими ва Тадбиркорлар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Сергели туманидаги умумтаълим мактабларининг бошланғич ва юқори синф ўқувчилари, марказда таҳсил олаётган курсантларнинг оила аъзолари ва ота-оналари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда Миллий кинология маркази директори А.Турсунов сўзга чиқиб, йиғилганларни марказ фаолияти билан яқиндан таништирди.

Давлат ҳокимияти тизимининг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлмиш божхона хизмати мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлиги ва иқтисодий манфаатларининг ҳимоячисидир. Табиийки, бу жараёнда Миллий кинология маркази тафаккури кенг, замонавий, фидойи ёш кинолог кадрларни тайёрлаб бераётган таянч даргоҳ бўлиб, бунинг учун бу ерда барча шарт-шароитлар яратилган.

Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиёда ягона бўлган мазкур минтақавий ўқув муассасаси нафақат давлат божхона хизмати органлари, балки республикамиздаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ва қўшни давлатларнинг куч ишлатар тузилмалари учун кинологларни тайёрлаш ва хизмат итларини етиштириш билан шуғуллунилади.

Бу ерда айни пайтда гиёҳванд моддалар,  қурол-аслаҳа, портловчи моддалар, валюта қимматликларинни қидириш, қидирув ва из қутқарув, антитеррор ва ҳимоя қоровул йўналишларида малакали кинолог кадрлар тайёрланмоқда.

Марказ бўйлаб уюштирилган экскурция давомида ёшлар Миллий кинология маркази фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятга эга бўлдилар. Тўрт оёқли ёрдамчилар билан дўст тутинган кинологлар билан бўлиб ўтган суҳбатлар давомида соҳанинг нозик ва қизиқ томонларига гувоҳ бўлишди

Шу куни ёшлар акцияси иштирокчилари яна бир тантанали маросимнинг гувоҳи бўлишди. Миллий кинология марказида мина қидириш йўналишида таҳсилни тугаллаган бир гуруҳ ҳарбийлар ва бошланғич тайёргарлик ўқув курсини тугаллаган божхона ходимларига сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, давлат божхона хизмати органларига энди қабул қилинган ёш курсантлар  меҳмонлар гувоҳлигида “Ҳарбий ва божхоначи қасамёди”ни қабул қилишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар божхона хизматининг энг муҳим мезони – адолатли бўлиш, қонунларга оғишмай амал қилиш эканлигини, божхона ходимидан нафақат ўз касбининг сирларини чуқур эгаллаш, балки халқимиз маънавияти ҳамда олийжаноб аҳлоқий фазилатларни ўзида мужассам этиши зарурлигини алоҳида таъкидлашди.

Ёшлар акцияси эстрада қўшиқчилари ижросидаги концерт дастурига уланиб кетди.

18.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг