Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Байроғимиз қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан тадбир ташкил қилинди
1615
Наманган вилояти божхона бошқармасида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 18 ноябрь куни 29 йил тўлганлиги муносабати билан ўқув-семинари ўтказилди.

Семинарда Наманган давлат университети доценти тарих фанлар доктори Бахтиёр Холмуродов иштирок этиб, байроғимизнинг қабул қилиш тарихи ҳамда ундаги ранглар таснифи бўйича батафсил тушунтиришлар берди.

Жумладан, Давлат байроғи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди. 
Байроқдаги оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёриткичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли демакдир. Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади. 

Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам.
Юлдузлар эса барча учун илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.

Шунингдек, байроқдаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида ҳам  ифодаланади.

Учрашувда семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассис томонидан батафсил жавоблар олишди.

Наманган вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

18.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг