Жаҳон тарихининг турли даврларида ҳам турли давлатлардаги
катта-кичик мансабдорлар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилгани, коррупцияга қарши қонунлар қабул қилиниб, ўзига хос жазолар тайинланганининг гувоҳи бўламиз.
Жумладан, соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида жиноят ва жазо масалаларини ҳал этишда “Темур тузуклари” алоҳида ўрин эгаллаган. Тузукларда мулкни, хусусан, давлат мулкини ўзлаштирганлик учун жавобгарликни белгилашда ўзига хос ёндашув мавжуд бўлган.
Ўша даврда амалдорлар ишини тартибга солиш мақсадида вақти-вақти билан сўроқ, текшириш, тафтиш, тергов ўтказиб турилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, доимий равишда ичкилик ичиш каби қилмишлар оғир гуноҳ ҳисобланган ва қаттиқ жазоланган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ, неваралари Пирмуҳаммад ва Халил Султонлар юқорида зикр этилган меъёрларни бузганлик учун халқ олдида жазога тортилган.
Диний нуқтаи назардан олиб қарасак ҳам, Аллоҳ таоло инсониятни яратгач, уларни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этиб, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюрди ҳамда ҳалол ва ҳаром бўлган нарсаларни баён қилди. Демак, ҳар бир инсон ҳалол ризқ талаб қилиши билан бирга, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилиши ва ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштирмаслиги ўта муҳимдир.
Ҳаётда ўзгаларнинг ҳаққига тажовуз қиладиган, ўзгалар молини ўзлаштириб оладиган кимсалар, гарчи кўзга уддабурон кишилар бўлиб кўринса-да, ночор ва бечора кишилар айнан ўшалардир.
Бу ўринда бировнинг ҳаққини ноҳақ ейиш ҳамда пора берувчи ва пора олувчи ҳам оғир гуноҳкор бўлишлиги муқаддас манбааларимизда ҳам айтиб ўтилган.
Демак, коррупцияга қарши курашишда инсоннинг диний-маърифий билимларга эга бўлиши ҳам жуда муҳимдир.
М.Халилова
“Тошкент-товар” ТИФ божхона пости ходими
18.11.2020