Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир.
Давлатимиз, миллатимиз ифтихори бўлмиш мустақил Ўзбекистоннинг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигининг 29 йиллиги барча давлат идораларида кенг миқёсда нишонланмоқда. Шу жумладан божхона органларида ҳам ушбу байрамга қутлуғ санага алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси Тошкент вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти иштирокида ташкил этилди. Тадбирда бошқарма бошлиғи ўринбосари Рустам Хабибов сўзга чиқиб, “18-ноябрь Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун” билан барчани чин дилдан муборакбод этиб, давлат рамзларидан бири бўлмиш байроқ ранглари ҳақида тушунтириш бериб ўтди;
- Байроқдаги мовий ранг – тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва оби-ҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди.
Байроқдаги оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.
Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади. Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам. Юлдузлар барча учун илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги
12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.
Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида ифодаланади.
Байрам тадбирига Республика маънавият-маърифат маркази, ҳуқуқий тарғибот эксперти Мухаммадали Эшназаров таклиф этилиб, тадбир иштирокчилари билан қизиқарли маълумотлар асосида мазмунли суҳбат ўтказди.
18.11.2020