Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Оила – жамият пойдевори
1780
Оила муқаддас даргоҳ. У тарбиянинг энг биринчи намунаси, жамиятнинг таянч пойдеворидир. Инсоннинг ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариши, катта шараф ва ютуқларга эришиши кўп жиҳатдан унинг оила аъзолари ва яқинларига, уйдаги шароит ва муҳитга боғлиқ. Зеро, оиланг тинч – кўнглинг хотиржам.
Оила – жамият пойдевори

Божхоначи эса – шундай касб эгасики, кези келганида у ўзининг оиласи ва яқинларидан ҳам кўра кўпроқ вақтини Она Ватан хизматига бағишлайди.  Давлатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, юртимиз сарҳадлари орқали контрабанда предметларини кириб келишининг олдини олиш, энг асосийси, божхоначи қасамёдига содиқ қолиш унинг беминнат бурчидир.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида ходимларни маънавий қўллаб-қувватлаш, оила муқаддаслигини тарғиб қилиш мақсадида божхона ходимлари ўртасида “Ибратли божхоначи оиласи” кўрик танлови ўтказилди. Тадбирдан мақсад кимнидир мақташ ёки камситиш эмас, аксинча, ҳар бир ходим қалбида ўзининг табаррук оиласига нисбатан меҳр-муҳаббат ва ҳурматнинг янада жўш уришига туртки бўлиш, ҳар бир божхона ходимининг етук ва баркамол авлодни тарбиялашда масъулиятини янада оширишдан иборат эди.

Икром Самиев – меҳнатсевар, ҳаракатчан, ўз хизмат вазифасига масъулият билан ёндашадиган бошқарма ходимларидан бири. Божхона суриштируви соҳасида амалий тажрибага эга ҳамда ушбу соҳага оид меъёрий ҳужжатларни пухта ўзлаштирган қаҳрамонимиз асли Самарқанд вилоятидан бўлса ҳам, бугун қорақалпоқ элида она Ватанимизга садоқат билан хизмат қилмоқда.

Оилада 3 нафар фарзанднинг меҳрибон отаси. Турмуш ўртоғи ўқитувчи ва у фарзандларининг отасини ҳар бир ишда қўллаб-қувватлайди.

 Елкасида унвони билан кетаётган отасига ҳарбийча салом берган аскарларни кўрган тўнғич ўғли Акром учун у ҳақиқий “Қаҳрамон”дир. Келажакда отасига ўхшаб ҳарбий бўлиб, Ватанига содиқ хизмат қилиш унинг орзуси.

Божхоначи оиласига бўлган қисқа ташрифимиз давомида амин бўлдикки,  ҳалол ва пок хизмат эвазига келаётган ризқдан фарзанд қувончи-ю, оила шодлиги яралади, унда ҳамжиҳатлик ва аҳиллик ҳукм суради.

Давлатимиз томонидан божхона ходимларига яратилаётган имкониятлар ва берилаётган эътибор шу каби беғубор жажжи қалбларнинг она юртимизга содиқ фарзанд бўлиб вояга етишларида ўз натижасини кўрсатади. 

18.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг