Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Байроғим – фахрим, ифтихорим, ғурурим
1697
Дунё ареналарида фахрли ўрин олган юртдошларимизнинг хурсандчилик кўз ёшлари ила қўлларидаги юртимиз байроғини баланд кўтариб, уни қайта-қайта ўпган, кўзларига суртган жараёнга ҳеч гувоҳ бўлганмисиз?!

Ушбу фахр, ифтихор, шукроналик ҳиссиётлари шу онда нафақат чемпион Ватандошимиз, балки барча юртдошларимиз қалбида содир бўлади. Демак-ки, миллий давлат рамзлари ифтихоримиз, ғуруримиз нишонасидир.               
Куни-кеча Термиз “Дарё порти” божхона постида “Байроғим – фахрим, ифтихорим, ғурурим” мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 29 йил тўлгани муносабати билан тадбир қатнашчилари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.        
Жумладан, жаҳон саҳнида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатувчи ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштирувчи, давлатимиз суверенитетининг рамзи бўлмиш Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланганлиги, байроғимиздаги тасвирлар ва ранглар маънолари хусусида маълумотлар берилди.                    
Давлат рамзлари қадимдан бугунги кунга қадар ҳамиша муқаддас ва улуғ саналиб келинган. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этиб, Ватаннинг ёрқин тимсоли саналади. Мамлакатимиз байроғи ҳақида гап кетар экан, чемпионлар учун у ғолиблик нашидаси, мусофир учун соғинч тимсоли, ёшлар учун ёрқин келажак, ёши улуғлар учун садоқат ва тинчлик белгиси сифатида улуғланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келиши муқаддас анъанага айланганлигини фахр билан эътироф этиш ҳар бир ватанпарвар фуқаронинг бурчидир.

18.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг