Бу тизим, ўз ўрнида ҳар бир давлат органи ва ташкилотларига қийинчилик туғдириши табиий ҳол. Бироқ, биз ушбу рақамли иқтисодиёт ва технологияни йўлга қўйиб олсак, нафақат давлатимиз иқтисодиёти учун балки фуқароларимиз ва ўз навбатида тадбиркорларимиз учун ҳам фойдали бўлиши аниқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармони божхона органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва божхона хизматида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишда асосий дастур бўлиб хизмат қилади.
Ҳозирда божхона тартиб-тамойилларини янада соддалаштириш, божхона тизимида рақамли технологияларни кенг қўллаш орқали инсон омилини камайтириш, божхона назорати шаклларини хавфларни бошқариш принципларига асосланган замонавий ахборот-коммуникация технолологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш, содда қилиб айтганда “Рақамли божхона”га ўтиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришда ахборот тизимларининг ўрни катта эканлигини тушунган ҳолда, расмийлаштирув билан боғлиқ жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилди.
Бугунги кунда божхона органлари 56 та ахборот тизимлари ва 30 та интерактив хизматлар (шундан, 2020 йил давомида 6 та ахборот тизимлари ва 13 та интерактив хизматлар) татбиқ этилган.
Хусусан, божхона органларида “Хавфни бошқариш” тизимининг жорий этилиши натижасида, бугунги кунда қонунга итоаткор тадбиркорларнинг экспорт ва импортга йўналтирилаётган маҳсулотлари тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.
- 2020 йил 1 январдан амалиётга жорий этилган «Ягона дарча» божхона ахборот тизимининг бугунги фаолияти ҳақида сўз юритадиган бўлсак, мазкур тизим орқали ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда 6 та органнинг 17 та рухсат бериш тусидаги ҳужжатларини инсон омилисиз бериш тартиби жорий қилинди.
Жорий ва келгуси йилда “Автоматлаштирилган тарзда чиқариб юбориш”, “Божхона аудити”, “Е-Транзит” каби бир неча автоматлаштирилган ахборот тизимлари амалиётга жорий этилади.
Ўзбекистон Республикасида халқаро ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи «Е-ТIR» лойиҳаси, кафолат ҳужжатларини бериши мумкин бўлган ташкилотлар (банк, суғурта) рўйхати юритилиши тўлиқ автоматлаштирилади.
Шунингдек, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини идентификациялаш ва баҳолаш услубияти тадбиркорлик субъектининг ўзи томонидан ишлаб чиқилиши белгиланиб, бу қайта ишлаш жараёнларини кескин соддалаштиради. Бу эса умумий ишлаб чиқариш, шу жумладан экспорт ҳажмининг ошишига ва қўшимча иш ўринларини яратилишига замин яратади.
Бундан ташқари шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларга божхона экспертизасини ўтказиш, ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси кодларини аниқлаш ҳамда статистик маълумотларни тақдим этиш каби интерактив хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилади.
Яна бир янгилик - Божхона юк декларацияларини автоматик равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тизимини босқичма-босқич амалиётга киритишни назарда тутувчи “Автоматлаштирилган тарзда чиқариб юбориш” каби бир неча автоматлаштирилган ахборот тизимлари амалиётга жорий этилади.
Натижада 2021 йил 1 январгача «экспорт» божхона режимига расмийлаштириладиган божхона юк декларациялари сонининг 5 фоизидан кам бўлмаган қисми, 2022 йилнинг 1 январигача эса умумий расмийлаштириладиган божхона юк декларациялари сонининг 20 фоизи автоматик тарзда инсон омили аралашувисиз расмийлаштирилади.
Бир сўз билан айтганда, божхона органлари тадбиркорга хизмат кўрсатувчи ва кўмакчи бизнес-ҳамкор идора сифатида ислоҳ қилинади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, рақамли иқтисодиёт коррупция ва “яширин иқтисодиёт”нинг асосий кушандасидир.
18.11.2020