Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
«Е-ТIR» лойиҳаси синов тарзида ишга туширилди
14714
“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури доирасида республикамиз божхона органларида ҳам соҳани рақамлаштириш, илғор ва инновацион технологияларни кенг тадбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
«Е-ТIR» лойиҳаси синов тарзида ишга туширилди

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сонли Фармони божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, «қоғозсиз ва электрон божхона»нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган «рақамли божхона»ни шакллантиришга муносиб хизмат қилмоқда.

Мазкур Фармон билан тасдиқланган 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси доирасида божхона процедураларини рақамлаштириш бўйича режали ишлар олиб борилмоқда.

Концепцияда халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатларнинг божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида амалга ошириладиган қатор тадбирлар белгилаб олинган.

Шулардан бири, Ўзбекистон Республикасида ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи «Е-ТIR» лойиҳасини жорий этишни назарда тутади.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Давлат божхона қўмитаси томонидан «Е-ТIR» ахборот тизими ишлаб чиқилди ва пилот лойиҳа синов тарзида ишга туширилди.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Арк булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида мазкур лойиҳанинг дастлабки тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Халқаро автомобиль транспорти Иттифоқи, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Германия халқаро алоқалар жамиятининг "Марказий Осиёда савдо ҳамкорлиги" лойиҳаси, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон халқаро авто ташувчилар Ассоциацияси вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, коронавирус пандемияси юзага келтирган мураккаб даврда товарларни божхона чегаралари орқали олиб ўтишни соддалаштириш ва тезлаштириш, юкларни таши учун муносиб транспорт инфратузилмаси ва коммуникацияларидан максимал даражада фойдаланиш, шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни зудлик билан ҳал этиш муҳим заруратга айланди.

Мазкур «Е-ТIR» лойиҳаси эса қонунийликни таъминлаш, давлат бюжетига божхона тўловларини тўғри ва тўлиқ ундириш, божхона қонунбузилишларига чек қўйиш каби вазифалардан чекинмаган ҳолда божхона расмиийлаштирувини енгиллаштириш орқали ташқи савдони жадаллаштириш имконини беради.

Айни шу жиҳати билан «Е-ТIR» лойиҳаси божхоначиларнинг ҳам, ташувчиларнинг ҳам ва албатта, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг манфаатларига бирдек ҳимоя қилади.

Электрон ТИР лойиҳаси - халқаро «Е-ТIR» тизими 1975 йил Женевада имзоланган “Юкларни халқаро йўлларда ташиш дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги Божхона конвенцияси қоидаларига мувофиқ миллий божхона тизимлари ўртасида товар ва транспорт воситалари, контейнерларнинг халқаро транзити учун хавфсиз маълумотлар алмашинувини таъминлашга хизмат қилади.

«Е-ТIR» пилот лойиҳаси дастлабки босқичда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ишга туширилди. Юк автотранспорт воситалари "E-TIR" пилот лойиҳаси асосида ташувни амалга оширишига старт берилди.

Ўзбекистон Республикасида ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи "Е-ТIR" лойиҳасининг тақдимоти Тошкент вилояти божхона бошқармасининг  "Яллама” чегара божхона постида давом этди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб яқинда тўлиқ қайта реконструкция қилинган "Яллама" чегара божхона пости фаолияти билан яқиндан танишишди. Мазкур постда "Рақамли божхона" тамойилини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

"E-TIR" пилот лойиҳаси доирасида "Арк-булоқ" ташқи иқтисодий фаолият божхона постидан йўлга чиққан юк автотранспорт воситалари "Яллама" чегара божхона постига етиб келди.

Мазкур ҳолатда қўшни давлатга экспорт қилинаётган маиший техника буюмларининг ТИР-карнет китобчалари асосидаги  ташуви илк бор электрон равишда расмийлаштирилди. Содда қилиб айтганда лойиҳа доирасидаги илк ташув муваффақиятли тарзда амалга оширилди.

Хўш, мазкур тизимнинг яна қандай фойдали жиҳатлари мавжуд?

Биринчидан, электрон ТИР хавфсизликни таъминлаш ва хатарларни бошқариш учун қўшимча имкониятларини тақдим этади ва шу билан бирга фирибгарлик холатларини кескин камайтиради.

Иккинчидан, халқаро ҳамкорликнинг бу шакли барча манфаатдор томонларга маъмуриятчилик сезиларли даражада камайтиришга ва товарларни етказишнинг глобал бошқаруви тизими афзалликларидан максимал даражада фойдаланиш имкониятини беради.

Бир сўз билан айтганда, «Е-ТIR» тизимининг жорий этилиши ташқи савдода ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, мамлакатнинг экспорт ва транзит салоҳиятини ошириш, шунингдек, ишончли ва хавфсиз йўл транспорти коридорларини ривожлантиришга хизмат қилади.

18.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг