18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат
байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган кун
Давлатимиз суверенитетининг рамзларидан бири – мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 18 ноябрь куни 29 йил тўлади.
Ҳақиқатдан ҳам, байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларда Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ҳис қиламиз.
Байроғимизнинг қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари учун “Шарқ гавҳари” дея таъриф бериладиган қадимий ва навқирон Хива шаҳрини томоша қилиш учун саёҳат ташкил этилди. Саёҳат албатта “Ичонқалъа”дан бошланди. Бу кўҳна шаҳарнинг шарқона руҳини ҳис қилиш учун унинг Эрмитаж, Лувр музейлари билан беллаша оладиган, ноёб осори-атиқаларга бой музейлари ҳатто жаҳон сайёҳларини ҳайратга солиб келаётгани ҳам ҳақиқат.
– Саёҳат давомида Хива шаҳрининг қадимий манзараси, мақбара, минора, мадраса ва масжидларнинг тарихи ҳақида гит таржимон ҳикоя қилиб борди. Кузнинг совуқ кунларида бу каби “иссиқ” сайёҳатлар байрам олди киши қалбига ҳузр бағишлаши шубҳасиз дейди – катта инспектор Ғайрат Замонов.
Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди. Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади. Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.
Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз шарт.
Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!
Хоразм вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
17.11.2020