Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Она тилимизни эъзозлайлик
14787
Тил – миллатнинг шаъни, ифтихори. Қадим-қадимдан не-не аждодларимиз эъзозлаб, эҳтиром кўрсатиб келган она тилимизнинг қадрига етишни ҳар биримиз ўзимизнинг масъулиятли бурчимиз деб билишимиз керак. Ҳар йили 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилган кун байрам сифатида нишонланади.

Барча ташкилотларда, ҳар бир тизимда энди ҳужжатлар давлат тилида юритилади. Бундай ишлар Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳам амалга оширилаётир. Бундан ташқари, давлат чегараларидаги, аэропортлардаги, темир йўллари шоҳбекатларидаги постларда хизмат қилаётган ҳамкасбларимиз фуқаролар билан мулоқотда бўлганларида соф ўзбек тилида муомала қилишмоқда.

Кейинги пайтда Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлаётган ҳар бир фуқаро миллатидан қатъи назар давлат тилини билиши шарт эканлиги матбуотда ва телевидение ҳамда радио орқали маълум қилинди. Қўйилган бу талаб жуда ўринли. Чунки бошқа миллат вакилларининг ҳам ўзбек тилини ўрганиб, эркин сўзлай олишлари тилимизга бўлган ҳурматни юксалтиради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бош ассамблеяси 75-юбилей сессиясидаги чиқиши, юксак минбардан туриб она тилимизда маъруза қилиши барчамизнинг қалбимизни ғурурга тўлдирди.

Ватанимиз тарихида бундай юксак минбарда ўзбек тили – “Навоий тили” ҳеч қачон янграмаган эди. Янги Ўзбекистон раҳбарининг энг нуфузли халқаро анжуманда ўзбек тилида маъруза қилиши она тилимизга давлат тили мақоми берилганининг 31 йиллигига муносиб туҳфа бўлибгина қолмай, тилимизга давлат даражасига эътибор қаратилаётганининг далолати бўлди.

Бу воқеани бутун дунёда яшаётган миллатдошларимиз ҳам бизлар каби катта мамнунлик билан олқишладилар. Дунёнинг матбуот нашрларида ҳам Юртбошимизнинг дадил қадами алоҳида эътироф этилди.

Маҳмуд Қошғарийлар, Навоийлар, Бобурлар фахрланиб сўзлаган она тилимизнинг мавқеи дунё миқёсида жарангдор бўлиши учун ҳар биримиз масъулмиз.

 

 

                                                

16.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг