Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қашқадарёда навбатдаги йирик лойиҳа ишга туширилди
1313
Маълумки, Қашқадарё вилоятида нефт ва газ маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган йирик корхоналар фаолият кўрсатади. Шундай корхоналардан бири Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси юртимизда нефть ва газ соҳасида етакчи ишлаб чиқариш корхоналаридан бири ҳисобланади.
Қашқадарёда навбатдаги йирик лойиҳа ишга туширилди

Воҳанинг Ғузор туманида жойлашган ушбу корхона 1980 йил ташкил этилган ва 40 йилдан ортиқ вақт давомида газ қазиб чиқариш, табиий газ ва газ конденсатини тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.

Ўтган йиллар давомида корхонанинг барча тармоқлари қайтадан модернизация қилиниб, самарадорлиги юқори бўлган технологик жиҳозлар билан таъминланмоқда.

Куни кеча ҳам ушбу корхонада “Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида мавжуд учта пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини (УППБС-3/1,2,5) модернизация қилиш” инвестициявий лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари якунланди ва ишга туширилди.

Мазкур лойиҳанинг қиймати 49 миллион АҚШ доллари бўлиб, лойиҳани ўз вақтида амалга оширишда барча куч ва воситалар сафарбар қилинди. Аҳамиятлиси карантин даврида ҳам қурилиш-монтаж ишлари тўхтамади.

Модернизация ишларида заводни импорт ускуналар билан таъминлаш мақсадида Украина, Россия ва бошқа Европа давлатларидан келтирилган сиқув компрессори, бошқарув клапанлари, ўлчов ва автоматика мосламалари, пўлат қувурлар, газ турбина двигател, колонналар ички алоқа қисмлари каби ускуналар “Қамаши-Ғузор” ТИФ божхона пости ходимлари томонидан тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказиб берилди.

– Божхона постимиз асосан Ғузор, Деҳқонобод ва Қамаши туманларида фаолият кўрсатадиган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига божхона хизматларини кўрсатади, – дейди “Қамаши-Ғузор” ТИФ  божхона пости бошлиғи Элмурод Шайманов. – Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига лойиҳа доирасида олиб келинган ускуна ва жиҳозлар божхонада яратилган қулайликлар асосида божхона расмийлаштирувидан ўтказилди.

Маълумот учун, жорий йилнинг ўтган даврида ушбу корхонага 12,8 миллион АҚШ долларилик ускуналар божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, 19,5 миллиард сўмлик божхона имтиёзлари қўлланилган. Шунингдек, божхонага тақдим этилган 54 та божхона юк декларациялари электрон тарзда расмийлаштириб берилди.

Дарҳақиқат, мазкур лойиҳа мавжуд пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаларида йилига қўшимча 61 минг тоннагача пропан-бутан аралашмаси ишлаб чиқаришга ва бунинг асосида ички бозорда ушбу маҳсулотга ошиб бораётган талабни қондиришга қаратилган.

Қўшимча пропан-бутан қурилмасининг ишга туширилиши нафақат газни қайта ишлашнинг биринчи босқичи, балки газни чуқур қайта ишлашни ривожлантириш учун замин ҳисобланади.

Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси конларида қазиб чиқарилган газ Шўртан газ-кимё мажмуасига жўнатилади.

Ушбу мажмуада газдан метан, пропан, бутан, конденсатлар ажратиб олинади. Шу билан бирга, этандан этилен, полиэтилен ишлаб чиқарилади.

Мамлакатимизда барпо этилаётган GTL заводи ишга туширилгач эса юқори сифатли ёқилғи маҳсулотлари – дизел, керосин, нафта хомашёлари ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, қўшимча ишлов бериш натижасида этилен, пропилен ҳам олинади. Улардан эса Ўзбекистонда йўқ бўлган, импорт орқали кириб келаётган янги турдаги полиэтилен ва полипропиленлар ишлаб чиқарилади.

16.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг