Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши биргаликда курашайлик!
1426
Коррупция тушунчаси, бу сўзнинг қандай маънони англатиши ҳақида барчамиз етарлича маълумотга эгамиз. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида ҳам ўз лавозимини суистеъмол қилган давлат хизматчилари ва уларга нисбатан кўрилган чоралар бўйича маълумотлар бериб борилади. Шу билан бир қаторда барча давлат ташкилотлари ва жамоат бирлашмаларида коррупцияни олдини олиш мақсадида доимий равишда профилактик тадбирлар ўтказиб келинади. Бироқ, шунга қарамасдан коррупция ҳамон инсоният ривожига тўсиқ бўлаётган энг катта хавфлардан бири бўлиб қолмоқда.

Коррупциянинг ижтимоий хавфлилиги шундаки – бу иллат мансабдор шахсларнинг жиноятчилар билан тил бириктириши натижасида жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий инқирозгача юз тутишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай хавфли қилмиш давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, коррупциянинг энг кўп тарқалган шакли бу маиший коррупция ҳисобланади. Чунки аксарият ҳолларда у инсонлар томонидан иллат сифатида эмас балки ишни тез битириш воситаси сифатида қаралади.

Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши кураш конвенциясига, 2010 йилдаги Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашишнинг Истанбул режасига аъзо бўлинди. 2017 йилда эса “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. 2019 йилда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан “2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури” ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш учун алоҳида орган ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан, ташкил этилган “Коррупцияга қарши курашиш агентлиги” коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи эканлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсуниши ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдорлиги белгиланди.

Бироқ, коррупцияга қарши курашда фақатгина меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини такомиллаштириш ёки жамоатчилик ўртасида профилактик тадбирларни ўтказиш етарли эмас. Бунда ҳар бир шахс ўзининг иймон-эътиқодига, ҳаётда мустаҳкам позициясига эга бўлиши, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш орқали коррупцияга қарши том маънода самарали кураш олиб бориш мумкин.

Шу ўринда, фуқаролардан божхона соҳасига доир қонунбузарликлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ҳамда Навоий вилояти божхона бошқармасининг 79-223-08-65 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

16.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг