Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқандда сайёр қабул ўтказилди
4867
Аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини янада ошириш, уларни қийнаб келаётган муаоммоларини ижобий ҳал этиш мақсадида 2020 йил 10-13 ноябрь кунлари Самарқанд вилоятининг бир қатор туман ва шаҳарларида Президент маслаҳатчиси Т.А.Худойбергенов бошчилигидаги вазирлик ва идоралар, секторлар, ҳудудий ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирокида сайёр қабуллар ўтказилди.
Самарқандда сайёр қабул ўтказилди

Ушбу сайёр қабулларда Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Феруз Сафарбоев ҳамда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Дониёр Юсуповлар ҳам иштирок этишди.

Сайёр қабуллар жараёнида божхона соҳасига оид мурожаатлар кўриб чиқилди. Шунингдек, аҳолини қизиқтирган саволларига жавоблар берилди ҳамда жойида ҳал қилиш чоралари кўрилди.

Шунингдек, тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Ф.Сафарбоев бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимларидан етакчи инспектор Ш.Хамраев ва вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Д.Юсуповлар иштирокида вилоят божхона бошқармасида ҳам сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда 50 нафардан зиёд тадбиркорлик субъектлари, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, божхона брокерлик фирмалари вакиллари ҳамда божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар иштирок этишди.

Унда Давлат божхона қўмитаси вакили Ф.Сафарбоев сўзга чиқиб, божхона органларида ҳозирда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлик субъектлари ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун божхонада яратилаётган енгилликлар, “хавфни бошқариш тизими”нинг афзаллик томонлари, тизимда кенг жорий қилинган ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда интерактив хизматлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалалар, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар очиқ мулоқот тарзида бирма-бир кўриб чиқилди.

Жумладан, 9 нафар ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиси томонидан божхона расмийлаштируви билан боғлиқ 11 та масала кўтарилди ва расмийлаштирув жараёнларидаги амалдаги тартиб-таомилларни соддалаштириш ва қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича 2 та таклиф берилди.

Кўтарилган 11 та масаланинг барчаси бўйича қонунчилик талаблари батафсил тушунтириш орқали жойида ҳал этилди ва билдирилган 2 та таклиф бошқа мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли бўлганлиги сабабли Давлат божхона қўмитаси орқали уларга хат юборилиши назоратга олинди.

Иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи кучи бўлган асосий сектори бўлган тадбиркор ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат божхона қўмитаси вакили Ф.Сафарбоев бошчилигида вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев иштирокида “Ургут” ЭИЗда фаолият олиб бораётган қатор корхона ва ташкилотларнинг ишлаб чиқариш жараёнлари хусусан, “Urgaz Carpet”, “Agro Dry Fruits”, “Best Sandwich Panels”, “Elite-Elektro-Group”, “Qobiljon Komilovich”, “Smart Hygiene Facilities” каби корхоналарга борилиб, улардаги ишлаб чиқариш жараёни, чет элдан импорт қилинаётган хомашёлар, хорижга чиқарилаётган экспорт маҳсулотлари бўйича яқиндан танишилди.

Ташриф давомида “Elite-Elektro-Group” МЧЖ корхонаси вакили ҳозирда корхонада қўшимча қурилиш ишлари давом этаётганлиги, 2021 йилнинг январь-февраль ойларида қурилиш ишлари ўз ниҳоясига етиши билан қуриб битказиладиган ёпиқ бинолардан бирида очиқ турдаги божхона омборини таъсис этишни режалаштирганлиги, бунинг учун қандай талаблар ва шартлар бажарилиши лозимлиги юзасидан мурожаат қилди.

Корхона вакилига Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 апрелдаги  210-сон қарори билан тасдиқланган Регламент талаблари асосида божхона омбори таъсис этиш тартиби ҳақида батафсил тушунчалар берилди ва қурилиш ишлари якунланиши билан Самарқанд вилояти божхона бошқармасига мурожаат қилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Шунингдек, сайёр ташриф давомида “Smart Hygiene Facilities” МЧЖ ҚК вакили томонидан корхона номига яқин кунларда олиб келиниши режалаштирилган болалар тагликлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашёларни ўз омборига жойлаштириш масаласи бўйича мурожаат қилинди.

Корхона вакилига корхона фаолияти учун зарур бўлган хомашёларни Божхона кодексининг 93-моддаси билан белгиланган тартиб асосида ўз омборига жойлаштириш мумкинлиги тўғрисида батафсил тушунчалар берилди.

Ташриф мобайнида корхоналар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ўрганилиб, уларни ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

13.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг