Буни биз чиқарилаётган қарорлар ва фармонлар, уларнинг ижросида яққол кўришимиз мумкин. Жумладан, Бухоро вилояти божхона бошқармаси ҳамда унинг таркибидаги ташқи иқтисодий фаолият божхона пости мутасаддилари томонидан тадбиркорлар билан мулоқотнинг аниқ ва самарали усулларини қўллаш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар давом эттириляпти. Бунда нафақат умумий учрашувлар ва давра суҳбатлари, балки ҳар бир тадбиркор билан алоҳида мулоқотга киришиш, кези келганда бевосита уларнинг корхоналарига бориб, божхонага доир сўнгги янгиликлардан воқиф этиш, муаммоларни зудлик билан жойида ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Божхона ходимлари "Bukhara cotton textile" корхонасига ҳам ташриф буюриб, маскан фаолияти билан яқиндан танишдилар. Айтиш ўринлики, айни дамда корхонада пахта хомашёсидан тайёр маҳсулотгача бўлган босқич амалга оширилади. Хориждан келтирилган қиймати 4 миллион 172 минг 540 АҚШ долларини ташкил қилувчи замонавий технологиялар, тикув машиналари сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш имконини бермоқда. Энг аввало, маҳсулотнинг экспортбоп бўлишини таъминлаш устувор аҳамият касб этяпти. Буни жараёнларда ҳам кузатиш мумкин.
Божхона мутасаддилари экспортбоп маҳсулотлар тайёрланиш жараёнини ўрганишар экан, янги мақсадлар ва ҳамкорликлар ҳақида келишиб олдилар. Ушбу корхонада бугунги кунда 2000 дан ортиқ ишчи ходим меҳнат қилиб келишмоқда. Корхона фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида шу куни божхоначилар давлатимиз томонидан тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилаётган имкониятлар ҳақида тўлиқ маълумот бердилар. Маълумот сифатида айтадиган бўлсак, бугунги кунга қадар ушбу кластер учун божхона тўловларидан 9 млрд 556 миллион 800 минг сўмлик имтиёзлар қўлланилган.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Бухоро” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари ушбу корхонада ишлаб чиқарилган 2 873 тонна калава ип маҳсулотларини экспорт божхона режимида расмийлаштиришди. Корхона томонидан асосан Польша, Эрон, Туркия, Россия бозорларига экспорт қилинган маҳсулотларнинг умумий қиймати эса салкам 6 млн АҚШ долларини ташкил қилди.
Бундан ташқари, божхона органлари мутасаддилари "POSCO INTERNATIONAL TEXTILE" хорижий қўшма корхонасида бўлишди. Ушбу корхона 16 минг тонна калава ип маҳсулотини ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирда бу ерда 800 нафар янги иш ўринлари ташкил қилинган.
Жорий йилнинг ўзида корхонага четдан келтирилган хорижий технология ва асбоб-ускуналар учун божхона тўловларидан 948 миллион 238 минг сўм имтиёзлар қўлланилди. Натижада 2020 йилнинг ўзида корхонада ишлаб чиқарилган барча маҳсулот экспорт қилинди. Унинг умумий қиймати 19 миллион 50 минг АҚШ долларини ташкил қилди. Тадбиркорлар учун яратилган имконият ва имтиёзлардан келиб чиқиб, божхона тизимида ҳам ишлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шуни алоҳида айтиш мумкинки, рақамли иқтисодиётсиз мамлакат иқтисодиётининг келажаги бўлмайди. Рақамли божхона эса иқтисодиётнинг узвий бир бўлаги, десак муболаға эмас. Содда қилиб айтганда, бугун божхонада замонавий рақамли технологияларни қўллаш эвазига товар ва транспорт воситалари қанчалик тез чиқариб юборилса, маҳаллий ишлаб чиқариш, экспорт-импорт операциялари шунчалик шиддатли тус олади.
Бугун тадбиркорларимизга божхона тўловларидан берилаётган имтиёзлар аслида пандемия даврида уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга хизмат қилишига ишонамиз.
Аҳамият беринг, 2020 йилнинг ўтган даврида тадбиркорга божхона тўловларидан 923 миллиард сўмлик имтиёзлар қўлланилди. 86 млрд сўмлик божхона тўловларини эса кечиктириб тўлаш имконияти берилди.
Эътибор қаратадиган бўлсак, пост ходимлари томонидан биргина 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорларнинг 56 миллион 583 минг тоннадан зиёд товарлари экспорт божхона режимига расмийлаштирилди. Экспорт ҳам аслида ўзига хос инвестиция! Маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтиришга, ишчи ўринларини кўпайтиришга, пировард натижада аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган инвестиция! Бу жараёнда эса тадбиркорга яқиндан кўмакчи бўлиш бугунги божхоначиларнинг асосий вазифасидир. Буларнинг барчаси ишлаб чиқариш салоҳиятини янада кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратиш, шунинг билан бир қаторда миллий маҳсулотларимизни дунё бозорига олиб чиқиш учун имкониятлар эшигини очишга замин яратади.
13.11.2020