Матбуот анжуманида вилоятда фаолият олиб бораётган журналистлар, блогерлар ва турли бошқармаларнинг матбуот хизмати ходимлари иштирок этдилар. Унда Фарғона вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Клычев ва бошқарманинг тегишли бўлим бошлиқлари томонидан қатнашчиларга мавзу юзасидан амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва тадбиркорлик субъектларига божхона органлари томонидан берилаётган имтиёзлар ҳамда яратилган шарт-шароитлар бўйича маълумотлар етказилди.
Мамлакатимизда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сон Фармони билан бутун дунёда пандемия юз бераётган вақтда экспорт ва импорт операциялари соддалаштирилган тартибда ва тезкорлик билан амалга оширилиши ортиқча вақт ҳамда сарф-харажатларнинг олди олинишига хизмат қилди. Бундан ташқари 2020 йилда мамлакатимизга импорт қилинаётган бирламчи озиқ-овқат товарлари, тиббий буюм ва воситалар ҳамда айрим қурилиш товарларининг божхона расмийлаштируви жараёни соддалаштирилган тартибда ва тезкорлик билан амалга оширилди. Бу эса ўз навбатида нафақат тадбиркорларга, балки фуқароларни ҳам импорт қилинадиган зарурий озиқ-овқат товарлари ҳамда тиббий воситалар билан ўз вақтида таъминлаш имконини берди.
Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида 1,1 миллиард долларни ташкил этди. Бунда экспорт 439,6 миллион долларни импорт эса 693,4 миллион долларни ташкил этди. Бу даврда амалга оширилган экспорт товарларининг 247,5 миллион долларини саноат маҳсулотлари ташкил этган бўлса, 182,2 миллион долларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этди. Фарғона вилоятидан экспорт қилинган қишлоқ хўжалиги товарларининг асосий қисмини мева-сабзавотлар ташкил этиб, бу кўрсаткич 164,8 миллион долларга ёки 209 минг тоннага етди.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича жами 700 дан ортиқ турли хил товарлар экспорти амалга оширилиб, экспорт фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларининг сони 539 нафарни ташкил этди.
Вилоятдан экспорт қилинаётган товарларнинг асосий қисми мева-сабзавотлар (164,8 млн. доллар), калава ип (150,5 млн. доллар), тўқимачилик маҳсулотлари (52,8 млн. доллар) ҳамда дарахтлар ва ўсимликлар (16,5 млн. доллар)дан иборат бўлиб, жами экспортнинг 60 фоизидан ортиғини ташкил этади. Маҳсулотларни дунёнинг 55 дан ортиқ мамлакатларига экспорт қилишга эришилди.
Шунингдек, мазкур даврда вилоятда тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт қилинган товарларга нисбатан қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 1,9 триллион сўм миқдоридаги божхона тўловлари ҳисобланди. Шундан, 1,3 триллион сўм қисмига ёки 67,1 фоизига нисбатан божхона тўловларидан имтиёзлар берилди. Бу эса тадбиркорларга келгусида ўзларининг фаолиятида айланма маблағларини шакллантиришга ёки қўшимча ишлаб чиқариш линияларини ишга тушириш учун заҳира маблағларини яратишга имкон берди. Давлат бюджетига эса жами 619,1 миллиард сўм миқдордаги божхона тўловлари ундирилиши таъминланди.
Тадбиркорлик субъектларига 40,6 миллиард сўм миқдордаги божхона тўловларини 120 кунга қадар, 19,9 миллиард сўм миқдордаги божхона тўловларини эса 60 кунга қадар кечиктириб тўлашга рухсат берилди. Кечиктириб тўлаш имкони берилган божхона тўловлари миқдори 2019 йилга нисбатан 56,3 миллиард сўмга кўпайган, бу эса айни божхона тўловларини тўлаш вақтида айланма маблағлари бўлмай қолган тадбиркорларга қулай имконият бўлди.
12.11.2020