Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Навоийда пресс клуб бўлиб ўтди
4628
Малакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада ошириш, бунда айниқса тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторлар учун қулай бизнес муҳитини яратиш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Навоийда пресс клуб бўлиб ўтди

Бу чора-тадбирлар пандемия даврида ҳам изчил равишда давом эттирилиб келинмоқда. Хусусан, карантин шароитида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб қувватлаш мақсадида бир қатор ҳуқумат қарор ва фармойишлари қабул қилинди.

Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бевосита божхона соҳасида яратилган қулайликларни кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда эркин иқтисодий зоналар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида “O’zLiDep PRESS KLUBI”нинг “Махсус иқтисодий зоналар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни хусусийлаштириш истиқболлари, имтиёзларни қўллашдаги муаммолар ва ечимлар” мавзусида ўтказилган навбатдаги сонида тадбиркорлар, вазирлик ва идоралар ҳамда ОАВ вакиллари билан бир қаторда Навоий вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти ва мутасадди бўлим ходимлари бевосита ҳамда Давлат божхона қўмитасининг марказий апарати вакиллари масофадан онлайн режимида боғланган ҳолда иштирок этишди.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги ПФ-4059-сонли Фармонига мувофиқ “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган. Бугунги кунда эркин иқтисодий зонада 89 та хўжалик юритувчи субъект ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган. Шундан 31 таси тўлиқ фаолият юритаётган бўлса, қолган 58 тасида қурилиш-монтаж ва лойиҳа-ҳужжатлаштириш ишлари давом этмоқда.

Савол-жавоб тарзида ташкил этилган мазкур пресс клубда Навоий вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б.Қутлимуратов сўзга чиқиб, ҳозирги кунда ЭИЗ иштирокчиларига яратилаётган имкониятлар ҳамда янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларига алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан 2020 йил 1 октябрдан бошлаб Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тартибда алоҳида солиқлар, шунингдек, божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланди.

Маълумот учун, «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонуннинг 39-моддасига асосан махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари қуйидагиларни тўлашдан озод этилган:

- республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва инвестиция битимига мувофиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун қурилиш даврида белгиланган тартибда олиб кирилган қурилиш материаллари учун божхона тўловларини (бундан қўшимча қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно);

- тасдиқланган рўйхат бўйича технологик ускуналарнинг ўхшаши Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиганини олиб киришда божхона тўловларини (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно);

- махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни экспортга реализация қилиш учун фойдаланадиган хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда божхона тўловларини (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно).

“Таъкидлаш жоизки, 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида ЭИЗ иштирокчилари томонидан импорт қилинган товарларга нисбатан 398 млрд. сўмдан зиёд божхона тўловлари ҳисобланган бўлса шундан, 60.4 млрд. сўм божхона тўловлари ундирилган, қолган 337,6 млрд. сўм ёки умумий ҳисобланган божхона тўловларининг 85 фоизи имтиёз тариқасида берилган. Вилоят миқёсида қўлланилган имтиёзларда эса бу кўрсаткич 53 фоизни ташкил қилади. Бу ҳам бўлса ЭИЗ иштирокчиларига яратилаётган қулай имкониятлар намунаси.” дея таъкидлади Б.Қутлимуратов ўз сўзида.

Шунингдек, соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларининг қўлланилиши самараси ўлароқ ЭИЗ иштирокчиларига бир қатор қулайликлар яратилмоқда.  Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ-5582-сон Фармонига мувофиқ божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнига хавфни бошқариш тизими (яъни, яшил, сариқ ва қизил йўлаклар) жорий этилди ва ўтган давр мобайнида бу борада бир қатор ижобий натижаларга эришилди.

Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида ЭИЗ иштирокчилари томонидан жами 3 388 та БЮД тақдим этилган бўлиб, шундан:

- 1004 таси ёки 30 фоизи яшил йўлак орқали, яъни тўлиқ соддалаштирилган ҳолда;

- 1812 таси ёки 53 фоизи сариқ йўлак орқали, яъни фақатгина ҳужжатли назоратдан ўтказилган ҳолда;

- 572 таси ёки 17 фоизи қизил йўлак орқали, яъни тегишли божхона назорати шакллари қўлланилган ҳолда божхона расмийлаштирувидан ўтказилган.

Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, хавфни бошқариш тизимини жорий этиш орқали жами 2816 та БЮД ёки 83 фоиз товарлар божхона кўригидан ўтказилмасдан тўғридан-тўғри тадбиркорлар ихтиёрига берилган. Бунинг натижасида ЭИЗ иштирокчилари учун зарур бўлган қурилиш материаллари, асбоб-ускуна ва хомашёларни қисқа фурсатларда ишлаб чиқариш жараёнига етказилишига имкон яратиши билан бирга ЭИЗ иштирокчилари молиявий маблағлари тежалишига олиб келди.

12.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг