Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорлик фаолияти қонун ҳимоясида!
1280
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Жорий йилда ҳам бевосита ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш йўналишида кўплаб Фармон ва Қарорлар қабул қилинди.
Тадбиркорлик фаолияти қонун ҳимоясида!

“Божхоначи – тадбиркор таянчи” деган тамойил асосида хизмат қилиб олиб бераётган божхона органлари томонидан ҳам ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш ва ташқи савдода уларга кўмаклашиш ҳамда қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, Навоий вилояти божхона бошқармаси томонидан 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида импорт товарларига нисбатан 823 млрд. сўм божхона тўловлари ҳисобланиб ундирилган бўлса, жорий этилган қулайликлар самараси ўлароқ белгиланган тартибга кўра қарийб 1,1 трлн. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар берилган.

Албатта берилган имтиёзлар тадбиркорлик субъектлари томонидан фаолиятларини ривожлантириш ва бу орқали қўшимча иш ўринлари яратиш ҳамда зарур бўлган замонавий технологик асбоб-ускуналарни харид қилиш имкониятини яратмоқда.

Мисол учун, Навоий вилояти Ғозғон шаҳрида янгидан барпо этилган мармар ва гранит тошларини қазиб олиш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ҳолига келтиришга қадар жараённи ўз ичига қамраб олган “Мармаробод” номли ишлаб чиқариш корхонаси ҳам фикримизнинг яққол далилидир.

Мазкур корхона томонидан 4,2 млн. АҚШ долларига тенг лойиҳани амалга ошириш жараёнида хорижий давлатлардан олиб келинган замонавий технологик асбоб-ускуналарга нисбатан қарийб 11 млрд. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган. Маълумот учун, ушбу лойиҳанинг тўлиқ амалга оширилиши билан янги 850 та иш ўрни яратилиши белгиланган.

Навоий вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва масъул ходимлари мазкур корхонанинг фаолияти ҳамда ҳозирги кундаги ҳолати билан яқиндан танишиш мақсадида корхонага ташриф буюришди. Корхонанинг мутасадди вакиллари билан учрашув жараёнида божхона ва ташқи иқтисодий фаолият йўналишида қабул қилинаётган янги норматив ҳужжатлар билан таништирилиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Ташриф якунида, бугунги кунда божхона органларининг энг асосий вазифаларидан бири тадбиркорга том маънода таянч бўлиш эканлиги таъкидланиб, божхона соҳасига оид ҳар қандай тушунмовчиликлар ва саволлар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ҳамда Навоий вилояти божхона бошқармасининг 79-223-08-65 рақамли ишонч телефонларига мурожаат қилиниши мумкинлиги эслатиб ўтилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

11.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг