Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти томонидан пойтахтимизнинг Халқлар дўстлиги майдонига ўрнатилган улкан байроғимиз остида ана шундай тадбирлардан бири бўлиб ўтди.
“Давлат байроғи – бахт тимсоли” мавзусидаги мазкур маданий-маърифий тадбири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Жонажон Ватанимиз мустақилликни қўлга киритган дастлабки йиллариданоқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида Давлат байроғи тўғрисидаги Қонун қабул қилинди.
Давлат байроғи мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади. Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этади.
Тадбирда сўзга чиққан жамоат арбоблари ва санъат намоёндалари таъкидалаганидек, байроғимиз ғурур ва фахримиз тимсолидир. Ватанимизнинг беқиёс рамзидир. Қуёш кўкда фалакнинг байроғи бўлиб порлаб турибди, кўнгилда муҳаббат байроғи ҳилпирайди, онгимизни эса тафаккур байроғи нурлантиради.
Озод ва обод Ватанимиз — Ўзбекистон байроғи ҳам бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир.
Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади.
Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.
Ер юзида икки юзи элликка яқин давлатлар бор ва албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради.
Шуни айтишимиз лозимки, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар. Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган. Миллат байроғи. У жондек азиз, нондек мўътабардир.
Буюк соҳибқирон Амир Темур ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у барпо этган улуғ салтанатни дунё тан олди. Бу давр ватан тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Байроқ эса том маънода мамлакат рамзи, улуғворлик тимсолига айланди. Жангчиларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг кайфиятини кўтариш, иродасини чиниқтириш мақсадида жанг майдонлари узра баланд ҳилпираб турди.
Тадбир давомида санъаткорларнинг Ватанни тараннум этувчи куй-қўшиқлари, Божхона институтининг “Божхона бургутлари” жамоаси ва курсантларнинг чиқишлари тадбирга ўзгача руҳ ва мазмун бахш этди.
Маънавий-маърифий тадбирлардаги фаол ҳамкорлиги учун бир гуруҳ ижодкорлар ва меҳмонларга Божхона институти томонидан ташаккурномалар тақдим этилди.
Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!
10.11.2020