Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сайёр қабуллар инсон манфаатлари учун хизмат қилмоқда
3430
Одамларни рози қилиш бугун давлатимиз сиёсатининг бош мақсади ҳисобланади. Халқимизни кўп йиллардан буён ўйлантириб, ташвишга солиб келаётган муаммоларга ечим топилиб, юртдошларимизнинг фаровон турмуш кечириши учун бор имкониятлар ишга солинмоқда. Бу борада республикамизнинг турли ҳудудларида ўтказилаётган сайёр қабулларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.

Давлатимиз Раҳбари топшириғи асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ташаббуси билан 2020 йил 2-4 ноябрь кунлари вазирлик ва идоралар, секторлар, ҳудудий ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирокида Наманган вилоятининг бир қатор туманларида (Чуст туманида: Чуст, Поп ва Мингбулоқ туманлари аҳолиси учун, Тўрақўрғон туманида: Тўрақўрғон, Наманган ва Косонсой туманларининг аҳолиси учун, Чортоқ туманида: Чортоқ, Уйчи, Янгиқўрғон туманлари ҳамда Наманган шаҳар аҳолиси учун, Учқўрғон туманида: Учқўрғон ҳамда Норин туманлари аҳолиси учун) сайёр оммавий қабуллар ўтказилди. Бунда аҳолини қизиқтирган саволларга жавоблар берилди, долзарб масалалар ўрганилди ва жойида ҳал қилиш чоралари кўрилди ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганиб чиқилиб, тезкор чоралар белгиланди.

Ушбу сайёр қабулларда Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Ф.Сафарбоев ҳамда Наманган вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Х.Файзуллаевлар иштирок этишди.

Сайёр қабуллар жараёнида божхона соҳасига оид 8 та  (3 таси божхона органларига ишга жойлашиш, 2 таси божхона органларига хизматга тиклаш,3 таси божхона тўловлари масалалари) мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатчиларга амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тўлиқ тушунтиришлар берилди.

Хусусан, сайёр қабулда Чуст туманида истиқомат қилувчи фуқаро Мадрахимов Мирзаҳамдам республикамизга кичик комбайн техникасини импорт қилишда божхона тўловлари юзасидан мурожаат қилди ва ушбу фуқарога Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПҚ-3818-сон Қарори талаблари асосида тушунтириш ишлари амалга оширилди.

Сайёр қабул давомида божхона соҳаси бўйича маслаҳат сўраган  фуқаролар ва мурожаатчиларга жойида тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, вилоят божхона бошқармасининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (бизнес омбудсман) ўринбосари Ж.Урунов, Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Ф.Сафарбоев, Наманган вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Х.Файзуллаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил девони Наманган вилоятидаги бош инспектори Н.Абдуллаевлар иштирокида тадбиркорлар билан учрашув ташкил этилди.

Амалий натижалари билан аҳамиятли бўлган тадбирда аксарият мурожаатлар жойида ҳал этилди. Ечимига вақт талаб қиладиган муаммолар юзасидан масъул шахсларга топшириқлар берилди. Ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилди. Мурожаатчиларнинг таклифлари ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди.

Бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудларида “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари, катта-кичик раҳбарлар халққа хизмат қилиши керак” тамойили асосида ўтказилаётган бу каби сайёр қабуллар тадбиркорларни муаммолари ҳал бўлишида асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.

 

  

 

9.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг