Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сонли Фармони мазмун-моҳияти хусусида атролича тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 27 июль куни “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш юзасидан ўтказилган йиғилиш баёни, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикасида “Яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 394-сонли қарори, Давлат божхона қўмитасининг 2020 йил 11 август кунги “Автомобиль чегара божхона постларида божхона назоратини амалга оширишда хавфни бошқариш тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги 135-сон ҳамда Давлат божхона қўмитасининг 2020 йил 28 октябрь кунги “Давлат божхона қўмитасининг коррупцияга қарши курашиш сиёсатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 189-сонли буйруқлари ҳамда Президентимиз томонидан “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш бўйича ўтказилаётган селектор йиғилишларида божхона органлари ходимларига белгилаб берилаётган устувор вазифалар ҳақида сўз юритилди.
Хусусан ушбу йўналишда божхона органлари зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб Дўстлик чегара божхона пости томонидан амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида Дўстлик чегара божхона пости ходимлари томонидан 133 та ҳолатда 4 млрд. 675,4 млн. сўмлик товар моддий бойликлар далилий ашё сифатида олинганлиги, бу эса келгусида мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган ишларни янада жонлантириш кераклигидан далолат эканлиги, эришилган натижаларга маҳлиё бўлиб қолмаслигимиз, яширин иқтисодиёт субъектларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш зарурлиги масаласига бошқарма бошлиғи ўринбосари томонидан алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, давра суҳбати давомида Давлат божхона қўмитасининг 2020 йил 28 октябрь кунги “Коррупцияга қарши курашиш сиёсати”ни тасдиқлаш тўғрисидаги 189-сонли буйруғи мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тушунчалар бериб ўтилди. Хусусан, божхона органларида коррупцияни тубдан йўқотишга эришиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцияни олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган барча чора-тадбирларни амалда ифода этиш, уларни ўз вақтида аниқлаш, уларга барҳам бериш, унинг салбий оқибатлари, коррупцияни келтириб чиқарувчи шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцион ҳаракатларни амалга ошириш муқаррар жавобгарликка олиб келиши мазкур сиёсатнинг асосий мақсадларидан бири эканлиги юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.
ДБҚнинг 2020 йил 11 август кунги “Автомобиль чегара божхона постларида божхона назоратини амалга оширишда хавфни бошқариш тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги 135-сонли буйруқ талаблари тушунтирилиб, ушбу буйруқ иловаси билан Давлат божхона қўмитасининг “Хавфни бошқариш” ААТ тизими олдиндан маълумотлар электрон тақдим этганда, ХЙТ/ЮЕБН китобчалари, автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисида мажбуриятнома ёки чегара божхона пости орқали автотранспорт воситаларини рўйхатга олиш китобини расмийлаштириш жараёнида автоматлаштирилган равишда товар ва транспорт воситалари “яшил”, “сариқ” ва “қизил” йўлакларга йўналтирилиши ҳамда мазкур буйруқ билан дастурда яратилган қулайликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, ходимларнинг назарий ва амалий билимларини ҳамда касбий кўникмаларини оширишда яқиндан амалий ёрдам кўрсатилди.
Давра суҳбати якунида “Дўстлик” чегара божхона пости ходимларига Ватанга виждонан ҳалол хизмат қилиш, қасамёдга содиқ қолишлик биринчи галдаги муваффаққиятларнинг сири эканлиги айтиб ўтилди.
Андижон вилоят божхона бошқармаси
Ф.Каримов
7.11.2020