Хусусан, Наманган вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда Янгиқўрғон туманида тезкор тадбир ўтказишди.
Тезкор тадбир давомида Янгиқўрғон тумани ҳудудида фуқаро Й.А. бошқарувидаги “Спарк” русумли автомашина тўхтатилиб белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Натижада, ушбу автомашина салонида тегишли ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган 50 миллион сўмлик 264 дона аёлларнинг қишги кийимлари борлиги аниқланди.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб фуқаро Т.О бошқарувидаги “Дамас” автомашинаси ҳам ушбу ҳудудда белгиланган тартибда тўхтатилиб кўздан кечирилди. Ушбу автомашинада ҳам тегишли ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган 75 миллион сўмлик 358 дона аёллар кийимлари борлиги аниқланди.
Ўтказилган юқоридаги тезкор тадбирлар натижасида аниқланган жами 125 миллион сўмлик 622 дона аёллар кийимлари тезкор суруштирув натижасига кўра фуқаро Й.А.га тегишли эканлиги аниқланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
7.11.2020