Йиғилишни “Янгийўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи Лазиз Рустамов очиб бераркан, ўтказилаётган тадбирнинг аҳамияти хусусида тўхтатилиб ўтди.
Шундан сўнг, Давлат божхона қўмитаси нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси бошқармаси бўлим бошлиғи Хусан Каримов божхона расмийлаштируви вақтида товарни ТИФ ТН код рақамига алоҳида эътибор бериб, товарни ТИФ ТН код рақами тўғрилигини назорат қилиш, божхона тўловларини тўғри ва тўлиқ ундирилиши юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Хусусан, йўл қўйилаётган хатоликлар асосан турли хилдаги текстиль матоларни турига ажратишда учраётганлигини айтиб, намуналар ёрдамида кўрсатиб тушунтиришлар бериб ўтди.
Шунингдек, божхона кўриги вақтида импорт қилинаётган турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, клей, герметик, металлдан ясалган буюмлар, пластмасса товарлари, трикотаж ва резина қўлқоплари, тайёр ҳолдаги трикотаж ва текстиль маҳсулотларини бир-биридан қандай усулда ажратиш бўйича мисоллар билан кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари божхона кўриги пайтида уларни қандай материалдан ташкил топганлиги, хусусиятлари ва нима мақсадларда ишлатилиши товарларни ТИФ ТН код рақамини аниқлашда муҳим аҳамият касб этиши юзасидан тушунтиришлар бериб ўтди.
Шунингдек, божхона пости ходимларига турли хилдаги товарларни ТИФ ТН бўйича таснифланиши юзасидан мисоллар билан Давлат божхона қўмитаси мутахассислари томонидан тайёрланган тақдимот кўринишида ҳам намойиш этилди.
Барча божхона кўриги гуруҳи ходимларига товарларни божхона кўригидан ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси ва Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 19 апрелда 3154-сон билан давлат рўйхатидан ўтган йўриқнома талабларига сўзсиз амал қилиш, белгиланган меъёрлар ва амалдаги қонунчилик доирасида божхона кўригини синчковлик билан ва тўлиқ ўтказиш, товарларнинг ТИФ ТН кодига эътибор қаратиш, шубҳали ҳолатларда эса пост божхона экспертиза ходимларига намуна тақдим этиш, кўрик жараёнида техник воситалардан фойдаланиш бўйича хам кўрсатмалар берилди.
4.11.2020