Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ҳужжатлардаги эҳтиёт қисмлар аслида бир бутун машина бўлиб чиқди
1676
Бугун амалдаги қонунчилик талабларига кўра давлатимиз бюджетига тўланиши лозим бўлган божхона тўловларидан бўйин товлаш мақсадида, божхона ходимларининг кўзини “шамғалат” қилишга уриниш ҳолатлари, афсуски, кўп учрамоқда.
Ҳужжатлардаги эҳтиёт қисмлар аслида бир бутун  машина бўлиб чиқди

Аммо бу каби пухта ўйланган режалар ҳам сергак божхоначилар томонидан ўз вақтида фош этилмоқда.

Хусусан,  Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити ҳамда Суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлимлари ходимлари томонидан ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларининг бирининг номига олиб келинган товарлар божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, тақдим этилган йўл-юк ҳужжатларда “эҳтиёт қисмлар” дея кўрсатилган товарлар, аслида бўлакларга бўлинган бир бутун ўзи ағдарувчи юк автотранспорт воситаси эканлиги аниқланди. 

Эҳтиёт қисмлар йиғилиши натижасида ҳосил бўлган ва қиймати 414 миллион сўмга баҳоланган бус-бутун  “GINAF” русумли юк автотранспорт воситаси қонуний қарор чиқарилгунга қадар вақтинча сақловга олинди.

Мазкур товар “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилганда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 255 миллион сўм миқдорида божхона тўловлари тўланиши лозимлиги маълум бўлди.   

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

 

4.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг