Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Д”ни “Т”га ўзгартириб 78 миллион сўмлик имтиёзни қўлга киритмоқчи бўлганлар фош бўлди
1396
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 майдаги “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3693-сонли Қарори ва ушбу Қарор асосида 2018 йил 8 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Р-5350-сонли Фармойишида қўшилган қиймат солиғидан имтиёз қўлланиладиган товарлар рўйхати келтирилган. Мазкур рўйхат бўйича “натрий сульфит” товарига божхона тўловларидан имтиёз берилиши белгиланган.
“Д”ни “Т”га ўзгартириб 78 миллион сўмлик имтиёзни қўлга киритмоқчи бўлганлар фош бўлди

Лекин афсуски, бугун айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан мазкур фармойиш талабларини ўз йўриғига юрғазишга уриниш натижасида божхона тўловларидан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари “Нукус” ТИФ божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда постда расмийлаштирилган божхона юк декларациялари текширилганида, ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари номига олиб келинган ва асли “натрий сульфид” товари бўлса ҳам юқоридаги ҳужжат рўйхатида кўрсатилган “натрий сульфит” товарига нисбатан қўлланиладиган имтиёзга эга чиқмоқчи бўлиб, имтиёзли асосда расмийлаштириш учун ҳужжатларни божхона органларига тақдим этилганлиги аниқланди. Аниқланган мазкур ҳолатда қўшилган қиймат солиғидан қарийб 51 миллион сўм миқдорида қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Ҳудди шундай яна битта ҳолатда, тадбиркорлик субъектларидан бири номига олиб келинган ва ҳужжатларда  “имтиёзли товар” сифатида кўрсатилган “натрий сулфит” товари аслида “натрий сулфид” эканлиги аниқланди ва 27 миллион сўм миқдорида қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Маълумки, “натрий сульфид” товари олтингугурт бўёқларини ишлаб чиқаришда, тери маҳсулотидан жунли қатламни ажратиб олишда ҳамда сувни кимёвий тозалашда ишлатилади. 

“Натрий сульфит” товарини эса фотографияда, мато ва тола ишлаб чиқаришда, рангли металларга ишлов беришда ҳамда чиқинди сувларни зарарсизлантиришда қўллашади.

3.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг